Янги Зеландия 100 дан ортиқ россиялик сиёсатчи, бизнесмен ва уларнинг қариндошларини мамлакатга киришини тақиқлади. Бу ҳақда Янги Зеландия Ички ишлар ва савдо вазирлиги сайтида маълум қилинди.
Санкциялар рўйхатига, жумладан, Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Михаил Мишустин, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, мудофаа вазири Сергей Шойгу, ФХХ раҳбари Александр Бортников, «Сбербанк» раҳбари Герман Греф, RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян киритилган.
Бундан олдин АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада ва Япония ҳам Россия президентига қарши санкциялар эълон қилганди. АҚШ Песков, Усмонов, Ротенберглар ва уларнинг оила аъзоларига қарши санкциялар киритган.
Шунингдек, ғарб давлатлари Россияга қарши иқтисодий санкцияларни ҳам жорий этган. Россия Марказий банкининг хориждаги активларини «музлатилиши» улар орасидаги энг қаттиғи ҳисобланади. 2 март куни Европа Иттифоқи Россиянинг Украинада махсус ҳарбий операцияларини бошлагани туфайли жорий қилинган санкциялар доирасида 12 мартдан бошлаб мамлакатнинг еттита банки SWIFT банклараро тўловлар тизимидан узиб қўйилишини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Жанубий Корея Россия Марказий банкига қарши санкциялар киритмоқчи, Британия Россияни Интерполдан четлатишга чақирган. Жаҳон банки Россия ва Беларусдаги барча дастурларини тўхтатган.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)