Бир неча кундан бери дунё диққат марказида бўлиб турган Россия ва Украина уруши қачон тугаши номаълумлигича қолмоқда. Бу пайтда юз минглаб инсон уйини ташлаб кетиб, қочқинга айланаётган бўлса, яна юз минглаб киши ертўлаларда ҳаёт кечирмоқда. Дунё хавфсизлик тизими ҳалокатини яқинлаштираётган ушбу уруш қачон ва қандай тугайди? «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров шу ҳақидаги тахмин ва мутахассислар фикрини жамлади.
Биринчи тахмин — Днепр мўъжизаси
Айни кунларда Украинанинг қуролли ва фуқаролик қаршилиги НАТО аъзолари етказиб бераётган ҳарбий қурол-яроғлар кўмагида рус армиясини тўхтатиб туришга эришмоқда. Украина қаршилик ҳаракатининг қатъияти ва маҳорати жанг майдонида ҳимоячилар фойдасига ишловчи турғунлик ҳолатини келтириб чиқарди. НАТО украинларга қурол етказиб беришни тўхтатгани йўқ ва тўхтатмайди ҳам. Бу эса Украина қаршилигини кучайтиради, айни пайтда рус аскарларида жанговар руҳият сўниб боради.Тез орада Кремль ўзининг авантюраси учун жуда катта тўлов тўлашни бошлайди. Украинада давом этаётган ва ҳали анча узоқ давом этадиган уруш Россия учун оғир вазиятларни яратади. Жумладан, иқтисодий инқироз ва халқаро дипломатик изоляция. Иқтисодий санкциялар Путиннинг таянчи бўлган олигархларнинг ундан узоқлашишига олиб келади, — дейилади The New York Times’да чоп этилган мақолада.
Мақолада яна: «Путин ички ва ташқи босим остида қўшинларни олиб чиқишга буйруқ беради ва Украина суверен демократик республика бўлиб қолади. Украинада мағлубият Россияда анчадан бери давом этаётган ички норозиликларни кучайтиради. Путин унинг ҳокимиятига қарши қаратилган ушбу норозиликларга кўпроқ эътибор қаратади.
Бу пайтда жазоланган Россия ва ғарбга янада яқинлашган Украина сабаб НАТО чегарасида хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшиланади. Бироқ Европадаги ҳолат урушдан олдинги статус-квога қайтмайди. Чунки минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган уруш кўпчилик хотирасида қора из қолдиради. Россия инсоният кўз ўнгида ёвузлик империясига айланади» — дейилади.
Ифлос келишув
Украина халқи ва ҳарбийлари рус қўшинига қарши анча пайт муваффақиятли қаршилик кўрсатади. Бироқ украин шаҳарлари катта талафот кўради. Санкциялар эса Россия иқтисодиётига қаттиқ зарба бера бошлайди. Шу сабаб ҳар икки томон ҳам муросага келишга мажбур бўлади.Унинг ифлос шартлари шундан иборат бўладики, ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқиб кетиш эвазига Украина Қрим, ДХР ва ЛХР устидан Россия юрдиксиясини расман тан олади ҳамда ҳеч қачон НАТОга қўшилмасликка ваъда беради. Бундан ташқари, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россияга нисбатан яқинда жорий этилган барча иқтисодий санкцияларни бекор қилишга рози бўлади.
Ушбу сценарийнинг амалга ошиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки оғир иқтисодий товон тўлангач ва минглаб рус аскарлари ҳалок бўлгач, Путин Украинани Россияга қўшиб олишдан воз кечади, бироқ маълум нарх эвазига. Тўлов эса юқорида айтилган шартлар бўлади.
Шундай қилиб, Украина ўз ҳудудининг бир қисмини Кремлга беришга, Россия ва НАТО ўртасида доимий нейтрал ҳудуд бўлиб қолишга мажбур бўлади. Бунинг эвазига у ўз мустақиллигини сақлаб қолади.
Учинчи сценарий — Европа Афғонистони
Агар Путин фикрини ўзгартирмаса ёки Ғарб уни тўхтатиб қолмаса, Россия президенти мустақил Украинани тиз чўктириш ва унинг раҳбариятини йўқ қилиш учун қанча керак бўлса шунча одамни ўлдириши, Украина инфраструктурасини вайрон қилиши мумкин. Бу сценарий Европада нацистлар давридан бери кузатилмаган уруш жиноятларига, Путин ва унинг атрофидагилар, шунингдек, бутун Россиянинг халқаро яккаланиб қолишига олиб келади. Янги дунё ҳозиргача бундай катта ҳудудга эга, энг кўп ядро қуроллари арсенали мавжуд давлат билан курашмаган.Путиннинг Киевни эгаллаш учун Алеппо ва Грознийда қўллаган усули — минглаб инсонларни ўлдириш, шаҳарларни вайрон қилиш, унга Украинада Европа Афғонистонини яратиш имконини беради.
Путиннинг руспараст қўғирчоқ ҳукумат тузиб, уни Украинада ёлғиз қолдиришининг имкони йўқ, чунки украин халқи уни барибир ағдаради. Демак, Украина ҳудудида ўн минглаб рус аскарлари қолдирилади. Украин партизанлари эса улар билан курашни тўхтатмайди.
Гарчи украин қуроллари кучлари камайтирилиб, йирик шаҳарлар руслар қўлига ўтса-да, бу пиррик (мағлубиятга тенг, катта қурбонлар берилган) ғалаба бўлади.
Украинлар қўзғолон ва партизанлик курашини олиб боради, бу эса Россияни ўз ресурсларини кўпроқ сарфлашга мажбур қилади. НАТО украин партизанларини яширин қўллашни давом эттиради, натижада, партизанлар билан доимий кураш шундоқ ҳам санкциялар сабаб анча бўшаб қолган давлат бюджетини қуритади. Бу эса Россия томонидан зўравонликнинг кучайишига ҳам олиб келиши мумкин.
Путин ва рус элитаси Брежнев ҳокимияти вазиятига тушиб қолади. Совет қўшинларини Афғонистонга киритган ва ғалабасиз урушни бошлаган Брежнев каби Путин ҳам Украинада ғалабасиз урушга киради. Натижада, минглаб қочоқлар оқими пайдо бўлади, ноқонуний савдо ривожланади.
Тўртинчи тахмин — НАТО—Россия уруши
Европа ва жаҳон тартиби келажаги учун энг хавфли сценарий НАТО ва Россиянинг тўғридан-тўғри урушга киришишидир. Бинобарин, бунга олиб келувчи бир неча йўллар мавжуд:
— НАТО Украина инқирозидаги иштирокини ошириши мумкин. Масалан, парвозлар тақиқланган ҳудуд (ушбу ҳудуд асосан уруш юз бераётган мамлакатлар осмонида жорий этилади ва душман самолётларининг ҳаво кучидан фойдаланишини тақиқлайди) ёки бошқа тўғридан-тўғри аралашув орқали.
Ҳозирча АҚШ ва НАТОнинг баъзи аъзолари парвозлар тақиқланган ҳудудни жорий этиш фикрига қўшилгани йўқ. Аммо рус самолётлари тинч аҳолини бомбардимон қилишни давом эттирса, бу позиция ўзгариши мумкин. Агар НАТО юқоридаги қадамларни амалга оширса, Россия чекиниши ёки иттифоқ билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувларга кириши керак бўлади. Агар руслар иккинчи йўлни танласа, уруш мутлақо янги, сайёра учун ҳалокатли босқичга чиқади.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Вашингтон ва Лондон Зеленскийга Украина давлатининг қулаши яқинлашиб, сўнгги дақиқалар юз берса, Киевга ҳарбий ёрдам тўғрисида қандайдир ваъдалар берган.
— Россия тасодифан НАТО аъзоси ҳудудига зарба бериши мумкин. Масалан, нотўғри нишонга олиш ёки НАТО ҳудудига ўтган украин самолётини уриб тушириш учун. Бу албатта альянснинг жавоб чоралари кўришига олиб келади. Айниқса, Россиянинг аниқ бошқариладиган қуроллари захираси камая бориши (ҳозирда Украина учун катта захиралар ишлатилмоқда) билан бу воқеа ҳақиқатга яқинлаша боради. Одесса яқинида чўкиб кетган Эстония кемаси бундай тахминларнинг юз бериши мумкинлигини тасдиқлайди.
— Энг ёмони эса Путиннинг Украинадан ташқари ҳам катта режалари борлиги эҳтимоли. Украина эгаллангач, Путин эътиборини қолган собиқ совет давлатларига қаратиши мумкин. Буни у ўз нутқларида бир неча бор сездирди. Қолаверса, Кремлнинг норасмий овози бўлган давлат ОАВлари ҳам СССРни тиклаш борасида жуда кўп гапирмоқда. Агар Путин СССРни қайта тиклаш учун амалий ҳаракатни давом эттирса, кейинги мўлжал Болтиқбўйи давлатлари (Эстония, Литва, Латвия) бўлиши эҳтимоли юқори. Бироқ ушбу давлатларнинг барчаси НАТО аъзоси ҳисобланади. Путин улардан НАТОга босим ўтказишда фойдаланиши ҳам мумкин. Бироқ НАТО ҳозирда иттифоққа аъзо давлатларга ҳар қандай тажовуз жавоб реакциясига олиб келишини таъкидламоқда.
Юқоридаги тахминлар шунчаки умумий қарашларни ифодалайди. Вазият баъзи фавқулодда ҳодисалар сабаб кутилмаган томонга ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Масалан, русларнинг Путин ҳокимиятини ағдариши. Аммо бу жуда қийин масала, чунки Путин режими ҳар қандай норозиликни дарҳол куч билан бостирмоқда. Мамлакатдаги эркин ОАВлар бирин-кетин ёпиляпти. Шундай бўлса-да Кремлдаги мамлакат келажаги учун бефарқ бўлмаган генералларнинг ҳаракат бошлаб қолишини ҳам истисно қилиб бўлмайди.
Ҳозирда давом этаётган музокаралар қанчалик истиқболли бўлишини эса вақт кўрсатади.
Изоҳ (0)