Ижтимоий тармоқда энди мактаблар олдида тезликни оширган ҳайдовчилар жаримага тортилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот котиби Азизхон Муродов «Дарё»га ҳолат бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри бўйлаб болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида бир қатор профилактик тадбирлар доимий ўтказилмоқда. Давлат раҳбари 11 февраль куни республикада йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида зарурий чора-тадбирларни белгилаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб ва боғчалар атрофида транспорт воситаларининг тезлиги 30 километр/соатдан ошмаслиги шартлигини таъкидлаб, ушбу тартибни жорий этиш, қоидаларга тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича топшириқлар берган.
Ушбу муассасалар атрофида болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида радар мосламаларидан фойдаланган ҳолда, Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари томонидан тарғибот тадбирлари йўлга қўйилган.
Ҳозирда йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритиш борасида масъул идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда ўрганишлар олиб борилмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари атрофидаги чекланган тезлик кўрсаткичи йўл ҳаракати қоидаларида расман белгилангандан сўнг, ушбу тартибни бузган ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида чора кўрилади.
Ҳозирда фақатгина тарғибот ва тушунтириш тадбирлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)