Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида фаолият юритиб келаётган тадбиркор Алишер Ҳотамов «Дарё»га мурожаат қилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан давлат-хусусий шериклик асосида даволаш маркази қуриш тўғрисида битим тузганини, бироқ қурилиш ишларини бошлаши учун вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан қаршиликларга дуч келаётганини айтмоқда.

Алишер Ҳотамов.

Алишер Ҳотамов.
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

«Қурилишни бошлашим учун барча зарур ҳужжатлар тайёр. Фақатгина вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Шавкат Манноновдан якуний хулоса олишим учун 6-7 минг доллар талаб қилди. Мен унинг талабини бажармай, баҳслашганим ва тортишганим сабабли у фаол қаршиликка ўтди. Беш-олти ойдан буён сарсонман», — дейди тадбиркор.

«Дарё» мухбири ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказди.

Вазирликнинг тадбиркорга ажратиб берган ери.

Вазирликнинг тадбиркорга ажратиб берган ери.
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Маълум бўлишича, тадбиркорга даволаш маркази биносини қуриш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган ер майдони аслида туғруқ комплекси ҳудудидаги бўш ер эмас, балки ҳар бир идора, ташкилот олдида бўлиши лозим яшил майдон экан. Демак, битим имзоланишидан илгари Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бу ҳудуднинг бўш ер эмас, балки яшил майдон эканига эътибор қаратишмаган бўлиб чиқяпти. Оқибатда эса ёш тадбиркор беш-олти ойдан буён сарсон бўлмоқда.

Туғруқхона ҳудуди.

Туғруқхона ҳудуди.
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Ҳужжатларга кўра, Ғиждувон тумани «Сардор» МФЙ, Шарқ кўчасида жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси ҳудудидаги 216 квадрат метрдан иборат бўш ер тадбиркорга берилган. 2021 йил 12 август куни давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт марказини ташкил этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Гулчеҳра оналар ва болалар даволаш маркази» МЧЖ ўртасида 10 йил муддатга «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунга мувофиқ шериклик тўғрисидаги битим имзоланган.

Туман тиббиёт бирлашмаси

Туман тиббиёт бирлашмаси
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Марат Рўзиев билан бу ҳақда гаплашган «Дарё» мухбири ундан «Бу ер майдони бирлашма ҳудудида бўлса-да, туман тиббиёт бирлашмасига эмас, туман ҳокимлигига қарашли. Мен ҳолат билан таниш эмасман ва билишниям истамайман. Бу бизга тегишли ер майдони эмас. Мен билан инсон саломатлиги ва уни даволаш тўғрисидаги масалалар билан мурожаат қилинг», деган жавобни олди. Бироқ, ҳолатга оид ҳужжатлар билан танишилганда тадбиркорнинг бино тиклаши учун Соғликни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 14 июлдаги хати ижросини таъминлаш мақсадида 19 июль куни айнан бош шифокор буйруғи чиққан. Буйруққа кўра, тадбиркорнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳаси маъқулланган ва шу асосда етти кишидан иборат гуруҳ шакллантирилган. Далолатнома ҳам имзоланиб, тиббиёт маркази ҳудудидаги яшил майдондан узунлиги 18 метр, ён томони 12 метр бўлган жами 216 квадрат метрдан иборат ер бино қуриш учун расман тадбиркорга топширилган. Ҳужжат шахсан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан имзоланган.

«Вазирлик билан битим имзолаганман. Қурилишни бошлашим учун хулоса олишим муҳим бўлган барча идора, ташкилотлардан хулоса олганман. Мен ана шундай масъулларнинг масъулиятсизлиги, тўсиқларига дуч келаётганим сабабли қайси идора, ташкилотга бормай, қўлимдаги камерани ёқиб юришга мажбур бўлдим. Бу сарсон-оворачиликлар қачон тугар экан билмайман?», — дейди Алишер Ҳотамов.

Шавкат Маннонов.

Шавкат Маннонов.
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Шавкат Маннонов тадбиркор ўзи тайёрлаган барча ҳужжатларини масъулларга шантаж қилиш орқали имзолатганини айтмоқда.

«Ғирт шантажлик. Туман тиббиёт бирлашма бошлиғи ва туман ҳокимидан сўраб кўрсангиз, улар тадбиркор қандай вазиятда имзо қўйиб беришганини айтади. Тадбиркор босим ўтказиш йўли орқали имзо йиққан. Аслида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳаллий мутасаддилар билан келишмай туриб, туман тиббиёт маркази ҳудудидаги яшил майдондан ер ажратиб берган. Ер бирлашмага тегишли бўлса-да, мулк давлатники. Шаҳарсозлик меъёрларига тамоман зид», — дейди Шавкат Маннонов.

Анвар Ҳотамовнинг сўзига кўра, у туман тиббиёт бирлашмасига қарашли ер майдони 48 кун давомида аукцион савдода турганини  соғлиқни сақлаш вазирлиги сайти орқали билиб, кейин сотиб олган.

Туман туғруқхонаси.

Туман туғруқхонаси.
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

«Биз олган ер туман туғруқхонаси биносидан 100 метр узоқликдаги масофада жойлашган. Туғруқхонанинг қандай ачинарли ҳолатга келиб қолганини ҳам яширишга ҳожат йўқ. Менга бинони қуриб, фойдаланишга топширишим учун бир йил муддат берилган. Жорий йилнинг 13 августига қадар бу ишни тўла-тўкис якунлашим керак эди. Лекин ҳозиргача қурилишни бошлаганим ҳам йўқ. Беш-олти ойдан буён мурожаат қилиб келаман. Вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Шавкат Маннонов менинг лойиҳамни пайсалга солиб, сабабсиз қолдириб келмоқда», — дейди тадбиркор.

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Шавкат Манноновнинг айтишича, Алишер Ҳотамов қурилиш лойиҳасини кўриб чиқиш учун шаҳарсозлик кенгашига топширган. Бироқ, рад жавобини олган.

«Нима сабабдан рад жавобини олган? Биринчидан, лойиҳа шаҳарсозлик бош режаси ва меъёрларига мутлақо зид. Иккинчидан, тадбиркорга қурилиш ишлари олиб борилиши мумкин бўлмаган ҳудуд белгилаб берилган. Чунки бу жой — яшил макон. Яна уч қаватлик бино қураман, деяпти. Яшил ҳудудда мумкин эмас. Шаҳарсозликка тўғри келмайди. Бу ерда бу тадбиркор қурилиш қилса, эртага иккинчиси келади, учинчиси келади. ‘Унга бердинг, бунга бердинг, нега менга эмас’, деган гап-сўзлар ортади», — дейди Шавкат Маннонов.

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Тадбиркор эса Шавкат Маннонов аввал қурилиш ишларига рози бўлганини, аммо кабинетида сўралган пулни ололмагач, қаршилик кўрсатаётганини билдирмоқда.

«Укам, сенинг бу жойинг 6-7 минг долларлик жой экан, деб менга бир неча марта айтган. Мен уни ҳазил, деб тушунганман. Бироқ, 2021 йилнинг 2 декабрь куни ‘Агар 7 минг доллар берсанг, шу ишингнинг ҳаммасини ҳал қилиб бераман’, деди», — дейди Алишер Ҳотамов.

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Шавкат Маннонов эса буни рад этмоқда.

«Юз фоиз туҳмат. Кулгили — бу. Прокуратурага ҳам ёзиб берган. Ҳамма жойга ёзди. Ҳатто, бошқа важларниям келтириб, туҳмат қилди. Аммо тасдиғини топмади. Мен бугун унга ‘хўп’ деб рухсат бериб, эртага жавобгар бўлайми? Биз асл қонун талаби қандай, шу талаб асосида йўл тутамиз. У ҳар доим Кенгашга камера билан кириб келади, Кенгаш аъзоларига савол беради. Унинг нима ҳақи бор? Унга ким давлат ташкилотларига камера билан кириб, раҳбарларни обрўсизлантириш ва ходимларга бундай муомалада бўлишга ҳуқуқ берди?», — дейди бошқарма бошлиғи.

Тадбиркор бошқарма бошлиғи унинг ишини битириб бериши эвазига пул сўраганида хизмат хонасидаги видео-камералар ишлаб турганини, шу видео-камерадаги видеоёзувлар олиб кўрилса, унинг пул сўрагани маълум бўлишини айтмоқда.

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

«Пул сўралган пайтнинг ўзида ‘102’ рақамига қўнғироқ қилиб, хабар бердим. Ҳудуд инспектори етиб келди. Мен унга ҳолатни тушунтирдим. Шавкат Маннонов эса инспекторга ‘Мен камерани очмайман. Ҳозир шошиб турибман’, деб ҳар хил баҳоналар билан хонасидан чиқиб кетди. Шундан сўнг инспектор ҳам ҳолат юзасидан ҳеч қандай далолатнома тузмай, чиқиб кетди», — дейди тадбиркор.

Ҳолатни тасдиқлаган инспектор вазият юзасидан далолатнома тузмаганини, бошқарма бошлиғининг хизмат хонасидаги видео-камерани текшириб кўришга ҳаққи йўқлигини билдирди.

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

«Алишер ҳақиқатан ҳам камераларини ёқиб, хизмат хонамга инспектор билан кириб келди. Инспекторга ‘Бунинг камера билан хизмат хонамга киришга нима ҳақи бор?’, дедим. Ўзимизда камера бўлса. Шундан сўнг мақсадини сўрадим. Инспектор тадбиркорнинг ҳужжатларини Кенгашга топшира олмаётганидан арз қилаётганини айтди. Бироқ, хизмат хонамдаги видео-камераларни кўриш ҳақида ҳеч қандай гап бўлмади. Шундан кейин хизмат хонамдан чиқдим-да, тадбиркорнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳақида ходимларга топшириқ бердим», — дейди Шавкат Маннонов.

Тадбиркорнинг билдиришича, у орадан беш-олти кун ўтгач, қурилиш ишларига тўсқинлик бўлаётгани ва унинг ишини ҳал қилиш эвазига пул сўрашаётгани юзасидан Қурилиш ишлари вазирлигига ҳам мурожаат қилган.

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

«Вазирликдан вакил келди. 10-15 киши аризам бўйича тўпланишди. Бошқарма бошлиғи хизмат хонасидаги видео-камеранинг ўша кунги ҳолатига ойдинлик киритиш учун уни очиб кўриш кераклиги хусусида қайта-қайта билдирдим. Лекин ҳеч ким қулоқ ҳам солмади, эшитишниям истамади», — дейди Алишер Ҳотамов.

«Мен ҳам тадбиркорнинг туҳмати юзасидан вилоят прокуратурасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Аммо, тадбиркорнинг ёшлиги, қизиққонлигини англаб, унга йўл-йўриқ кўрсатдик, қайта-қайта тушунтирдик. ‘Майли, укажон, сен давлат хусусий шерикчилигингни қилгин’, дедик. Оналар ва болаларни даволаш маркази шаҳарсозлик мезонларига риоя қилган ҳолда бинони касалхонанинг ички ҳудудида тиклаш таклифини бердик. Ички ҳудудида бир гектарга яқин бўш жой бор. Бунга кенгашнинг қаршилиги ёки эътирози йўқ», — дейди Шавкат Маннонов.

Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Ғиждувон тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Аҳтам Аҳмедовнинг айтишича, давлат-хусусий шериклик асосида бино қурилишига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилган. Ва ўзаро битим тузилган. Бироқ, вазирлик рухсат берган ерда фақат дарахт ва кўчат ўтқазиш, ландшафт яратиш, музқаймоқхона, салқин ичимлик, яъни шарбатлар истеъмол қилиш учун енгил конструкцияли дам олиш масканлари, ўриндиқлар ўрнатиш мумкин.

«Тадбиркорнинг даволаш маркази биносини туғруқхона ички ҳудудидан тиклашини ҳеч қандай тўсиқларсиз қўллаб-қувватлаймиз. Лозим бўлса, туғруқхонанинг фойдаланишга яроқсиз бирорта биносини бузиб, ўрнида янги бино тиклашигаям кўмаклашамиз. Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ажратган ер майдони шаҳарсозлик меъёрларига умуман зид. Тадбиркорнинг сарсон бўлаётганига аслида, вилоят қурилиш бошқармаси ёхуд туман мутасаддилари эмас, балки айнан вазирлик вакиллари сабаб бўляпти», — дейди Аҳтам Аҳмедов.

Аҳтам Аҳмедов.

Аҳтам Аҳмедов.
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Туман бош архитектори Дилшод Рашидов эса айни пайтда туманнинг бош режаси ишлаб чиқилаётганини, тадбиркор шаҳарсозлик кенгашига яна бир карра ҳужжатларини топшириб кўриши мумкинлигини айтмоқда.

Дилшод Рашидов.

Дилшод Рашидов.
Фото: «Дарё» / Нодир Воҳидов

Мақола эълон қилиниши арафасида Алишер Ҳотамов ишга оид ҳужжатларини шаҳарсозлик Кенгашига яна қайта жўнатганини билдирди. Натижа қандай бўлиши эса мавҳум. Мавзуга яна қайтамиз.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Ҳиндистонда вояга етмаган қизларга уйланишда айбланиб, 2 мингдан ортиқ эркак ҳибсга олинди
Дунё
АҚШ ҳарбийлари мамлакат осмонида учаётган Хитой шарини уриб туширди. Пекин норозилик билдирди (видео)
Дунё
“Путин менга Зеленскийни ўлдирмасликка ваъда берган” — Исроил собиқ бош вазири Беннет Россия президенти билан суҳбати ҳақида гапириб берди