Нанай Наманганнинг энг чекка, шимолий ҳудуди ҳисобланади. Вилоят маркази билан қишлоқни 60 километрлик масофа ажратиб туради. Қирғизистон билан чегарадош қишлоқдаги 10 маҳаллада 30 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. «Дарё» мухбири Намангандаги сайёҳлар энг кўп келадиган масканда бўлиб, унинг жозибаси сирини билишга уринди.
Наманганда ҳам Нанай, Бўстонлиқда ҳам
Нанай Наманганнинг Янгиқўрғон туманидаги қадим қишлоқлардан бири. Унинг қачон пайдо бўлгани ва номининг келиб чиқиши бўйича турли тахмин ва фаразлар мавжуд. Жумладан, улардан бири ҳудуд номини Чингизхоннинг эваралари Нанай ва Мамай билан боғлайди (Нанайга қўшни Мамай қишлоғи ҳам бор).«Нанай» атамаси ҳақидаги ривоятлар эса қишлоқнинг ўзи каби гўзал. Айтишларича, қишлоқ энди пайдо бўлган йиллари унга узоқ юртдан меҳмонлар келибди. Уй бекаси улар учун тандирдан янги нон узибди. Меҳмонлар уни мақтаб-мақтаб тановул қилиб, тотли нон таъмининг сири нимадалигини сўрашибди. Мезбон нон қайроқи (лалми) буғдой унидан тайёрланганини айтибди. Шунда меҳмонларнинг улуғи акси кўринадиган нонни ўпиб, пешонасига суртиб, «нони ой экан» дея таъриф берибди.
Яна бир ривоят най билан боғлиқ. Маълумки, най пастликда бошқача, тоғда эса бўлакча эшитилади. Най лаб орқали бериладиган ҳаво ёрдамида чалинади. Бунда ҳавонинг тозалиги муҳим. Нанайда ҳаво шундай соф ва шаффоф, насимлари, яъни шаббодалари шундай нафиски, найга наво бўлгудек.
Қизиқ томони, нафақат Наманганда, балки Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳам Нанай номли қишлоқ бор. «Бўстонлиқдаги Нанайдан Наманганга қадим пайтлар турли сабаблар билан бир гуруҳ аҳоли кўчиб келган ва ўрнашиб қолган, улар бу жойга қишлоқлари номини берган», деган фаразлар ҳам йўқ эмас. Нима бўлганда ҳам, Чотқол тоғ тизмасининг икки тарафида жойлашган номи бир бу қишлоқларни яқин ришталар боғлаб туриши аниқ.
Нанайнинг «қора олтини»
Нанай ўзида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан машҳур. «Наманганнинг олмаси» деганда биринчи галда Нанайда етиштирилган олмалар назарда тутилади. Водийликлар бозор расталаридан Нанай картошкасини қидиради. Чунки бу картошка сифатли ва мазали бўлади. Кейинги йилларда қишлоқ аҳлини бой қилаётган мева-сабзавотлар сирасига маҳаллий аҳоли «ғайноли» деб атайдиган қора олхўри ҳам қўшилди.«Ғайноли сентябрь ойида ғарқ пишади. Уни териб олиб, ичини очиб, данагини териб ташлаб, қуёшда қуритамиз. Данаги ҳам увол бўлмайди, ёғи учун килосини минг сўмдан олиб кетишади. Ўтган йиллари қуритилган ғайнолининг килоси 45 минг сўмгача чиқди. Бу йил уч баравар арзонлаб, 15 минг сўм бўляпти. Бозорнинг ҳолатига қараб сотилади-да!
Нанайда ҳар икки хонадоннинг бири ғайноли қуритиш билан шуғулланади. Масалан, ўзим 1,5 тонна йиғиштириб олдим, 700 кило атрофидаги маҳсулот бўлди. 4-5 тоннагача қуритилган ғайноли сотадиганлар бор.
Кўпроқ буни Самарқанд, Фарғона, Қўқондан келиб, олиб кетишади ва қайта ишлов бериб, ичига ўрик мағзини солиб, ‘баргак’ деб сотишади. Чет элга экспорт ҳам қилинади. Snickers, Mars ва бошқа машҳур ширинликларни тайёрлашда шундан фойдаланишади, деб эшитганмиз. Наманганнинг чекка бир қишлоғида етиштирилган бу маҳсулот хорижда қўлма-қўл бўлаётганидан, албатта, хурсанд бўламиз», — дейди нанайлик тадбиркор Абдурашид Ғофиржанов.
Кўприк қурган нуроний
Нанайликларнинг қишлоқлари табиати каби бағрикенг, беғубор. Танти, мард одамлари кўп. Бежиз бу ердаги эркакларнинг аксарияти чавандозлик ҳадисини олмаган, от-улоқнинг ишқибози. Ўзлари тез-тез кўпкари уюштириб туради, керак бўлса бошқа туман ёки вилоятларга ҳам бориб, улоқ чопиб келишади.Сўзимизда бежиз тантиликка урғу бермадик. Нанайга борганимизда ҳаж зиёратига деб йиғиб қўйган маблағини маҳалласидаги бузилган кўприкни тиклаш учун сарфлаган отахон ҳақида ҳикоя қилиб беришди.
«Ҳар йили баҳор фаслида биз томонларга Подшоотасой ва юқоридаги тоғларнинг суви келиб, бир тўлиб-тошиб олади. 1994 йили катта сел келиб, «Қизилёзи» маҳалласидаги кўприкни олиб кетган. Шундан бери аҳоли йўлнинг у томонига ўтиш учун уч чақирим наридан айланиб келаётган, қийналаётган эди. Бу асли қадимий, Каравон, Олабуқа томонларга олиб чиқадиган йўл.
Маҳалламиз нуронийларидан Тожимирза ота Мусаев 2021 йили ҳажга деб йиғиб қўйган пулларидан шу кўприкни қайта қуриш учун маблағ ажратди. Маҳалладагилар ҳам қараб тургани йўқ, ҳашар қилиб, тиклаб олдик. Ҳозир ўтган-кетган у кишини дуо қилади. Чунки оғиримиз енгил, узоғимиз яқин бўлди, узоқ йиллик ташвишимиз ариди», — дейди қизилёзилик ўқитувчи Ғиёсиддин Баҳриддинов.
Нанайнинг нозанин навниҳоллари
Нанайнинг лобар қизлари таърифига тил ожиз. Бу ҳақда қанча шеърлар битилган, қанча қўшиқлар куйланган. Тоғлар бағрида, мусаффо иқлимда қизлар ҳуснда ҳам тенгсиз бўлиб ўсиб-улғаяди.Шоирнинг «Анҳорнинг бўйида ўлтирар қизлар, юракда қайнайди ноаниқ ҳислар. Бўтана сув оқар лим-лим, лиммо-лим, сувдай олиб кетар қизлар хаёлин» деган сатрлари гўё шу ерда битилгандек.
Нанай қизлари фақат чиройда тенгсиз эмас. Улар орасида истеъдоди билан нафақат қишлоқ, туман ёки вилоятга, балки бутун мамлакатга донғи кетганлар кўп. Улардан бири Наманган давлат университети талабаси Маржона Абдуллажонова. Кулолчилик билан шуғулланадиган қизнинг асарлари ҳатто Европада ҳам намойиш этилган.
«Болалигимда маҳалламиздаги қизлар билан бирга лойдан турли қўғирчоқлар ясардик. Бора-бора бу қизиқиш иштиёққа айланди. Дастлаб ота-онам ҳар куни қўлларимни лой қилиб юрганимни кўриб, бу машғулотдан қайтаришга ҳаракат қилишди, танбеҳ беришди. Лекин бу оддий ҳавас эмаслигини кўриб, ўзлари қўллаб-қувватлашди ва кулолчилик бўйича устозларга шогирдликка беришди. Натижалар ҳам аста-секин пайдо бўла бошлади.
4-синфда ўқиётган пайтим Чехия пойтахти Прагада ўтказилган халқаро болалар ижодиёти фестивалида қатнашдим. ‘Чойхоначи чоллар’, ‘Қишлоғим нуронийлари’ каби асарларимни ўша ерда олиб ҳам қолишди. 15 ёшимда эса Наманган ўлкашунослик музейида бир ой давомида илк шахсий кўргазмам намойиш этилди.
Ҳозир Наманган давлат университети санъатшунослик факультетида 2-босқичда таҳсил олмоқдаман. Тасвирий санъат йўналишида ўқисам ҳам кулолчиликни ташлаб қўйганим йўқ. Фақат йўналишимни бироз ўзгартирдим. Олдинлари пластика, керамика ва майда ўйинчоқлар ясаган бўлсам, ҳозир кўпроқ товоқ, лаганларга нақш ва миниатюралар чизиш билан бандман», — дейди Маржона.
Хамир, шилпилдоқ, бешбармоқ
Нанайга кўпчилик нафақат бебаҳо табиатидан баҳра олиш, балки маҳаллий аҳоли «хамир» деб атайдиган таомдан тотиб кўриш учун ҳам келади. Бу таомни асли сиз жуда яхши биласиз — бошқа ҳудудларда «бешбармоқ» ёки «шилпилдоқ» деб аташади. Нанайдаги ошхоналарнинг аксарияти шу таомни тайёрлашга ихтисослашган. Айниқса, қиш ва баҳор ойлари одам аримайди, келди-кетди узилмайди.«Таомни тайёрлаш учун дастлаб от гўшти қазиси билан шўрва қилиниб, қайнатиб олинади. Кейин сувини олиб, унга тўртбурчак қилиб кесилган хамирлардан ташлаб, 5-6 дақиқа пиширамиз. Кейин хамирларни товоқларга сузамиз. Сузиб бўлгандан сўнг устига гўшт, картошка, сабзи ва пиёз қўйиб, мижозларга тортамиз. Қазиси алоҳида ликопчаларга солиб берилади.
Бу таомни тайёрлаш учун тўрт-беш соат вақт кетади. Қазиси алоҳида пиширилади, ошхамир ёйилади. Хуллас, ўзига яраша оворагарчилиги кўп. Шу учун кўпчилик тайёрлагани эриниб, ошхоналарга оилавий бўлиб келишади.
Мижозлар ‘бўлди, бас’ демагунча олиб кираверамиз. Кимдир икки-уч товоққа тўяди, яна кимдир, айниқса, эркаклар 10 товоқни ҳам кўрдим демайди. Кучли таом, иммунитетни оширади, тетик-бардам қилади, куч-қувват беради», — дейди Нанайдаги энг машҳур ошхоналардан бирининг ошпази Ширмоной Шокирова.
Айтганча, «хамир»ни Наманган шаҳрида ҳам тайёрлашга уриниб кўришди, лекин ўхшамади. Чунки бу таом Нанай иқлимида ўзгача иштаҳа билан тановул қилинади.
Нанай томонларда мана шундай гаплар. Наманганга келсангиз бу қишлоқни асло четлаб ўтманг. Унга «туризм қишлоғи» деган махсус мақом ҳам берилган. Аслида Нанай Намангандаги Чодак, Парда Турсун, Ғова каби сайёҳлар шундоқ ҳам доим талпинадиган гўша...
Изоҳ (0)