Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева Instagram’даги саҳифаси орқали мухлислари билан мулоқот қилиб, илк марта жигар саратонига чалингани ҳамда Туркияда даволаниши учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев унга моддий ёрдам бергани ҳақида сўзлаб берди.

Коллаж: «Дарё»

«Шифокорим менга қараб шок ҳолатига тушди. У мендан спиртли ичимлик ичасанми, чекасанми, фастфуд истеъмол қиласанми, газланган ичимликлар ичасанми, деб сўради. Йўқ, мен умуман ичмайман, чекмайман, 10 йилдирки газланган ичимликлар ва фастфуд истеъмол қилмайман, деб жавоб бердим. У яна мендан сариқ касал бўлганмисан, жигар сиррозига чалинганмисан, деб сўради. Йўқ, мен бундай касалликларни бошдан ўтказмаганман, деб жавоб бердим. Кейин билсам, мендаги касаллик айнан шу сабабларга боғлиқ экан. Хуллас, менда жуда кам фоиз аёллар чалинадиган жигар саратони аниқланди», — дея ҳикоя қилади актриса.

Шунингдек, актриса Москвага иш билан борганида тоби қочгани, шу сабаб шифокорга учрагани ҳақида ҳам сўзлаб берди.

«Одатда, жигар билан боғлиқ касалликлар сўнгги нуқтада ўз белгиларини намоён қилади. Агар касаллигим тарихини билишга қизиқсангиз, буни айтиб бераман. Мен онам ва касбдошларим билан бирга Москвада ўтказиладиган конференцияга йўл олдик. У ерда эшитиш нуқсони бўлган инсонларга кўмак бериш мақсадида янги лойиҳаларга қўл уришимиз керак эди. Мутахассислар билан фикр алмашиб, кейинги  беш йилдаги режаларимни тузиб қўйгандим. Афсуски, самолётга ўтираётган вақтда бирдан тобим қочди. Балки бунга оғир чамадон кўтарганим сабаб бўлгандир.

Тез ёрдам чақиртириб, оғриқсизлантиришга ҳаракат қилишди. Шу боис самолётнинг парвози бироз кечикди, ҳатто менсиз учмоқчи ҳам бўлишди. Жавобгарликни ўз бўйнимга оламан, деганимдан кейин парвоз қилишимга рухсат беришди. Аммо жуда қийналдим. Эртаси куни Тошкентдаги клиникаларнинг бирига бориб текширувдан ўтгач,  жигаримнинг 50 фоизи  касалланганини айтишди. Менга жигар саратони деган ташхис қўйишди. Мен шок ҳолатига тушиб қолдим. Чунки шу ёшга қадар бирор марта жигарим оғримаган, бу  кутилмаган ‘янгилик’ бўлди. Яқинларим анча йиллардан буён кўча овқатларини истеъмол қилмаслигимни ва газли ичимликлар истеъмол қилмаслигимни яхши билишарди. Соғлиғимга эътиборли бўлсам-да, бу хасталикка чалинганим мени ҳайратлантирди», — дейди актриса.

Актриса даволовчи шифокори ва онаси билан

Актриса даволовчи шифокори ва онаси билан
Фото: Instagram / @shodiyevarano

Раъно Шодиеванинг айтишича, Туркиядаги шифокорлар ҳам актрисага ҳаммаси Аллоҳдан эканлигини айтган.

«Шундан сўнг ишончли шифокор излаб, Туркияга келишга қарор қилдик. Бундан ҳеч қачон афсусланмайман, ўша чоғда мени қутқариш вариантлари жуда кам эди. Мен 11 соат жарроҳлик столида ётдим ва Яратганнинг инояти билан ҳаётга қайтдим. Аслида, бу операция 6 соат бўлиши керак эди. Аммо баъзи сабабларга кўра 11 соатга чўзилди. Шифокорим натижадан жуда хурсанд бўлди. Чунки аҳволим яхши эмаслигини кўриб, ярани қайтадан ёпиб қўйиши ҳам мумкин эди. Яратган менга яна бир бор яшаш имконини берганидан жуда хурсандман», — дейди актриса.

Раъно Шодиева пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев унинг даволаниши учун моддий ёрдам берганини айтиб, унга миннатдорлик билдирди.

«Аллоҳ менга бир синов берди. Шу синовдан чиройли ўтишга ҳаракат қилдим. Яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Обидович савоб қилганингизни ҳеч кимга гапиришингиз шарт эмас, дедилар. Тўғри, ўнг қўлинг бераётган нарсани чап қўлинг билиши шарт эмас, дейишади. Аммо мен жим туролмадим. Мусофир юртда даволанаётганимни эшитиб, жуда кўп инсонлар ёрдам қўлини чўзишди. Улар орасида қариндошларим, дўстларим ва ҳамкасбларим ҳам бор. Жаҳонгир Обидович биринчилардан бўлиб турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳволимни сўраб, мусофирчиликда ҳеч кимдан кам қилмасдан барча шароитларни яратиб бердилар. Бунинг учун ўзим ва оиламиз номидан миннатдорлик билдираман. Бу тўғрида гапириш қанчалик қийин бўлмасин, сиз чет элдан келаётган ўзбек инсонларига ёрдам берганингиз ҳақида кўп марта эшитганман. Бунинг учун сизга каттакон раҳмат айтаман. Соғлиғимдан қайғуриб, ёрдам қўлини чўзган бошқа инсонларга ҳам миннатдорлик билдираман», — дейди актриса.

Актриса Раъно Шодиева 2022 йилнинг январь ойида «Дарё» интернет-нашрига берган интервьюсида оғир жарроҳлик амалиётидан сўнг Туркияда даволанаётганини маълум қилганди. Орадан бир неча кун ўтиб, Instagram орқали жиддий жигар хасталиги билан оғриганини ошкор этганди.

«Жигаримнинг 60 фоизини олиб ташлашди ва соғломини қолдиришди. Жигар — бу ўсадиган аъзо. Худо хоҳласа, олиб ташланган ўша фоизи бир йил давомида яна ҳам ўсиб, жойига тушади. Осон амалиёт бўлмади, жуда қийин, машаққатли. Жигарнинг ўзи 300 та функцияни бажаради. Унда қон томирлари кўп. Шунинг ҳаммасини жой-жойига тикиб, амалга ошириш керак», — деганди Раъно Шодиева.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида ҳомийлик асосида қилган ёрдамини бировга кўз-кўз қилмаслигини билдирганди.

«3,5 йил ишлаган бўлсам давлатнинг бир сўм пулига хиёнат қилмадим. Олдимдан қўшган бўлсам қўшдим, лекин бир сўмига хиёнат қилмадим. Шаҳар ҳокими бўлишимдан аввал 35 та машинам бор эди. Жудаям машиналарни яхши кўраман. Ҳозир эса олтита қолди. Яқинда яна битта машинамни аукционга қўяман, унинг пулига эса юрагида нуқсони бор болаларни операция қилдирамиз. Агар булар гуноҳ бўлса розиман, агар бу пулни ишлатма шунга десангиз ҳам розиман. Лекин менинг айбим — қилган ишларни айтиб туриши керак экан инсон. Айтмаганим — гуноҳ. Сергелидан уйи йўқ инсонларга 400 та квартира ҳадя қилишган. Шуларни айтсам бўларкан, айтмаганман. Бугун афсусланяпман», — деганди ҳоким.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Саудиялик тадбиркор Ўзбекистонда автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга сармоя киритади 
Маҳаллий
1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар, 1 млн нафардан ошган талабалар, янги қурилган 27 та ТТЖ — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан эксклюзив су...
Маҳаллий
Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди