Бундан роппа-роса 6 ой аввал — 2021 йилнинг 15 августида «Толибон» ҳаракатининг аъзолари Афғонистон пойтахти Кобулни деярли қаршиликсиз қўлга олганди. Ўша пайтдаги Афғонистон президенти Ашраф Ғани истеъфо беришга рози бўлди ва мамлакатдан яширин равишда қочиб кетди. «Дарё» Афғонистонда «Толибон» бошқарувида ўтган сўнгги ярим йилликдаги асосий воқеаларни жамлади.
Август ойида деярли бутун мамлакатни назоратига олган «Толибон» Афғонистон Ислом Амирлигини тиклаш режаларини эълон қилди. 1996—2001 йиллари Афғонистон ҳудудидаги «Толибон» қўл остида бўлган давлат ҳам шундай аталган, бироқ жаҳон ҳамжамияти ушбу давлатни расман тан олмаганди.
Ҳукумат «Толибон» қўлига ўтгач, Афғонистондан Америка Қўшма Штатлари ва НАТОга аъзо мамлакатлар фуқаролари, шунингдек, илгари «Толибон»га қарши курашда Ғарбга ёрдам берган афғонистонликлар ҳам оммавий эвакуация қилина бошлади. Мамлакатни тарк этиш мумкин бўлган ягона жой — Кобул аэропорти эди. «Толибон» таъқибидан қўрққан минглаб афғонлар учиб кетишни истаган, 16 август куни эрталаб улар рейслардан бирортасига ўтириш учун аэропортга бостириб кирган ва учиш майдонидаги самолётларга осилиб чиқишга уринган. Ҳодиса оқибатида ўнга яқин киши ҳалок бўлган.
18 август куни Афғонистонда «Толибон»га қарши биринчи кўча намойишлари бўлиб ўтди, камида иккита шаҳарда намойишлар ўтказилди. Бунга жавобан «Толибон» жангарилари Жалолободдаги намойишчиларга қарата ўт очиб, камида уч кишини ўлдирди ва ўндан ортиқ одам яраланди.
«Толибон»га қарши намойишлар 19 август куни бошқа шаҳарларга, жумладан, пойтахт Кобулга ҳам кўчди.
Кобул аэропортидаги портлаш ва АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши
26 августда Кобул аэропорти яқинида иккита портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 85 киши, жумладан, 13 нафар америкалик аскар ҳалок бўлди. Ушбу ҳодиса мамлакатдан қочиш умидида аэропортга йиғилган ўн минглаб афғоннинг эвакуациясини тўхтатиб қўйди. Теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси ўз зиммасига олди: бўлим Афғонистонда расман 2015 йилнинг бошида «Вилояти Хуросон» номи билан пайдо бўлган эди.
ИШИД ҳужуми АҚШ ўз аскарларини белгиланган муддатга қадар Афғонистондан олиб чиқишни якунлашга уринаётган бир пайтда содир бўлди.
«Толибон» 31 августни АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб кетилиши учун сўнгги муддат деб белгилаган эди. Толиблар АҚШ ва Буюк Британияга эвакуация учун қўшимча вақт берилмаслигини билдириб, агар хорижий контингент белгиланган санага қадар мамлакатни тарк этмаса, тегишли жавоб кўрсатилиши билан огоҳлантиради.
30 август куни Америка армияси ўз контингентини Афғонистондан олиб чиқишни якунлади.
АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси қарийб 19 йил-у 11 ой давом этди. Америка қўшинлари мамлакатга 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонда терактлар уюштирган «Ал-Қоида» билан курашиш учун кириб келганди. Бу АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган уруш бўлди. Унда 2400 дан ортиқ Америка ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлди, яна 20 мингдан ортиғи яраланди. Ушбу миссия АҚШга 1-2 триллион долларга тушди.
«Толибон»га бўйсунишни истамаган Панжшер
Афғонистонда «Толибон» назоратига ўтмаган ягона ҳудуд Панжшер вилояти эди. Сентябрь ойида «Толибон» Панжшерни бўйсундириш учун вилоятдаги қаршилик кучларини қамал қилишни бошлади.
Панжшер водийси Кобулдан 150 километр узоқликда жойлашган. Водий Афғонистон шимолини жануб билан боғлаб турувчи йўллар ўтган муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланади. 1980–1990 йилларда дастлаб Совет Иттифоқи қўшинларига, кейинчалик толибларга муносиб қаршилик кўрсатган энг асосий ҳудудлардан бири бўлган. Толибонга қарши Панжшердаги кучларга машҳур афғон қўмондони Аҳмадшоҳ Масъуднинг ўғли кичик Аҳмад Масъуд етакчилик қилаётганди.
6 сентябрь куни «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг Панжшер вилоятини тўлиқ назоратига олди. Ўша куни тарқатилган видеолавҳаларда ҳам толиблар Панжшер губернаторлигида ўз байроғини кўтараётгани акс этганди. «Толибон» матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид матбуот анжуманида Панжшерни қўлга киритгач, «Толибон» энди бутун мамлакатда назорат ўрнатганини эълон қилди.
Аҳмад Масъудга содиқ мухолиф кучларни бирлаштирган Афғонистон Миллий қаршилик фронти Панжшер қулаганидан кейин ҳам «Толибон»га қарши туришга ваъда беради ва партизан урушлари бошланганини эълон қилди.
«Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин университетларда афғонистонлик талабалар учун янги қоидалар жорий этилди. Жумладан, талаба хотин-қизларга дарс пайтида абайя — бутун танани ёпадиган узун анъанавий либос кийиш, шунингдек, фақат кўз қисми очиқ бўладиган ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланди. «Толибон»нинг янги ўқув йили учун чиқарган фармонида қайд этилишича, аёллар эркаклардан алоҳида ўқитилади, айрим истисно ҳолатларда эса дарсхонанинг талаба қизлар жойлашган қисмига парда тортилиши зарур. Талаба қизларга фақат аёл ўқитувчилар дарс бериши мумкин, бунинг иложи бўлмаган ҳолларда «обрўси баланд» кекса эркак ўқитувчиларнинг сабоқ беришига рухсат этилади.Кейинчалик Афғонистонда университетлар ёпилди. «Толибон» вакили хотин-қизлардан хавфсизлик юзасидан уйдан чиқмасликни сўради. «Бизнинг хавфсизлик кучларимизга аёллар билан қандай муносабатда бўлиш, улар билан қандай мулоқот қилиш ҳақида ўргатилмаган. Мамлакатда тўлиқ хавфсизлик ўрнатилмагунча аёллардан уйда қолишини сўраймиз», — деди ҳаракат вакили.
Афғонистонда 2 февралга келибгина айрим вилоятлардаги университетлар қайта очилди.
«Толиблар»дан иборат янги ҳукумат
7 сентябрь куни «Толибон» Афғонистоннинг янги ҳукуматини эълон қилиб, ҳаракатнинг марҳум асосчиси Мулла Умарнинг яқин сафдоши мулла Ҳасан Охундни бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. Мулла Абдул Ғани Биродар эса бош вазир ўринбосари бўлди. «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асосчисининг ўғли Сирожуддин Ҳаққоний ички ишлар вазири лавозимини эгаллади.
«Толибон» олий раҳбари эса Мулла Ҳайбатулла Охунзода эди. У 2016 йилдан «Толибон»га раҳбар бўлган. Аммо Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат қулаб, Кобулни толиблар эгаллаб олгунига қадар умуман расмий баёнот билан чиқиш қилмаган. Унинг атрофидагилар ушбу вазиятни махфийлик ва етакчининг хавфсизлиги билан изоҳлаганди.
ИШИД — «Толибон» учун энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда
2021 йилнинг кузида Афғонистоннинг бир қатор шаҳарларида терактлар кузатилади. Хусусан, 8 октябрь куни Қундуздаги шиалар масжидида, 15 октябрь куни Қандаҳордаги масжидда, ноябрь бошида эса Кобулдаги шифохонада портлаш рўй беради. Оқибатда жами 150 га яқин одам ҳалок бўлади. Терактларнинг барчаси учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси бўйнига олади. Бугун ҳам ИШИД Афғонистонда «Толибон» учун энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда.
Собиқ ҳукумат вакилларининг ҳоли нима кечди?
БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, август ўрталарида «Толибон» ҳокимият тепасига келгач, шу чоғгача мамлакат ҳукуматининг собиқ аъзолари, хавфсизлик хизмати ходимлари ва хорижликлар билан ишлаган 100 нафардан ортиқ фуқаро ўлдирилган. Гутерришнинг сўзларига кўра, «Толибон» собиқ ҳукумат ва коалиция кучларига боғлиқ инсонларга «умумий амнистия» эълон қилганига қарамай, қурбонларнинг камида «учдан икки қисми» толиблар ёки уларга боғлиқ одамлар томонидан судсиз қатл этилган.
Таъкидланишича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ОАВ ходимларига нисбатан «ҳужум қилиш, қўрқитиш, таъқиб этиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, шафқатсиз муносабатда бўлиш ва ўлдириш» давом этмоқда.
«Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг Афғонистонда очарчилик кучайди. Халқаро меҳнат ташкилоти у ерда ярим миллиондан ортиқ одам ишсиз қолганини маълум қилди. Ишсизлик даражасининг бу қадар ортишига аёллар бандлигига қўйилган чекловлар ва кўплаб давлат хизматчиларининг ишдан бўшатилиши, шунингдек, оғир иқтисодий инқироз сабаб бўлмоқда.
2021 йилнинг декабрида «Толибон» делегатлари Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти йиғилишида қатнашди. Йиғилишда ислом давлатлари Афғонистондаги иқтисодий инқироз чуқурлашиб бораётган бир пайтда мамлакат учун гуманитар ёрдам фондини ташкил этишга ваъда берди.
«Толибон» ғалабасидан сўнг хорижий ёрдамларнинг кескин чекиниши Афғонистоннинг заиф иқтисодини таназзул ёқасида қолдирмоқда.
Дунё давлатлари ҳалигача «Толибон» ҳукуматини тан олишни истамаяпти. 2022 йилнинг январида Швейцариянинг Женева шаҳрида Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Мулла Ҳасан Охунд Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийлари билан ўтказилган матбуот анжуманида халқаро ҳамжамиятни «Толибон» маъмуриятини расман тан олишга чақирди.
Бундан ташқари, «Толибон» Норвегияда ҳам бир қанча давлатларнинг дипломатлари билан учрашди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгашида сўзлаган нутқида Афғонистонда миллионлаб одамлар ҳаддан ташқари очликдан азият чекаётгани, таълим ва ижтимоий хизматлар инқироз ёқасида эканини қайд этди.
«Толибон ҳокимиятни қўлга олганидан олти ой ўтгач, Афғонистонда вазият ўта оғир даражага етди. Афғонлар учун кундалик ҳаёт жаҳаннамга айланди», — дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби.
Изоҳ (0)