Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн Австралиядаги эмланган янги зеландияликлар 27 февралдан ватанига қайтиши мумкинлигини, бошқа мамлакатларнинг эмланган фуқароларига эса 13 мартдан Янги Зеландияга киришга рухсат берилишини маълум қилди, деб хабар беради BBC News.
Мамлакатга келаётган барча фуқаролар мустақил равишда ўзини 10 кунга яккалаши керак бўлади, бироқ уларни давлат карантин муассасаларида жойлаштириш мажбурияти бекор қилинади.
12 апрелдан бошлаб мамлакатга 5 минггача хорижлик талабалар кириши мумкин. Янги Зеландияга визасиз ташриф буюра оладиган австралияликлар ва бошқа давлат фуқаролари мамлакатга узоғи билан июлдан бошлаб кириши кутилмоқда. Октябрдан бошлаб эса одатда виза талаб этиладиган бошқа тоифадаги хорижлик ва талабаларнинг Янги Зеландияга киришига рухсат берилади.
Янги Зеландия чегаралари пандемия сабаб қарийб икки йилдан буён ёпиқ. Мамлакатда пандемия бошланганидан буён салкам 17 минг кишида коронавирус аниқланган ва 53 киши вафот этган.
Аввалроқ Янги Зеландияда мажбурий эмлаш ва локдаунга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)