Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бугун, 28 январь куни Ўзбекистон фуқароларига Россияда регистрация қилиш учун 15 кун берилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Кабулжанов ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида ва Россия фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисидаги ҳукуматлараро битим 2021 йил 17 июнь куни имзоланган.

Битимнинг 1-моддасига кўра, бир томон давлати ҳудудида вақтинча бўлиб турган бошқа томон давлатининг фуқаролари 15 кун мобайнида келиш давлатининг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбуриятидан озод этилади.

«2022 йил 20 январь куни мазкур халқаро шартномани тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига мамлакатимиз томонидан давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳақида тегишли билдиришномани юборди», — дейилади хабарда.

Битимнинг 4-моддасига кўра, битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари томонлар тарафидан бажарилгани тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали қабул қилинган санадан кучга киради.

«Шундай қилиб, юқорида кўрсатилган битим кучга кирмаган, зеро Россия томонидан тегишли давлат ички тартиб-таомиллари ҳали якунланмаган», — дейилади Ўзбекистон ТИВ расмий вакили баёнотида.