Сурхондарё вилояти Ангор туманида фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқишга қатнашмасдан олиб бермоқчи бўлган инспектор аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ангор туман бўлими терговга қадар текширув ўтказган. Унда «Ватанпарвар» ташкилоти тумани ўқув спорт-техника клуби кадрлар бўйича инспектори С.М. фуқаро А.га «Б» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини 1 ой муддатда ўқув машғулотларига қатнашмасдан, имтиҳонларни ижобий ҳал қилиб олиб беришни ваъда қилгани аниқланган. У бунинг эвазига 1,9 миллион сўмни қўлга киритган, текширув давомида ихтиёрий равишда қайтарган 1 миллион сўми ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.