18:10, 26.01.2022 24914

Ўзбекистонда газ таъминоти қайта тикланаётгани сабаб «Ҳудудгазтаъминот» истеъмолчиларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида 25 январь куни электр энергияси, табиий газ ва сув таъминоти узилганди. «Ҳудудгазтаъминот» газ таъминоти қайта тикланаётгани сабаб истеъмолчиларга мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, пойтахтда ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида газ таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда. Шу муносабат билан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан уйлар ва хонадонлар ичидаги газ ускуналарини, хусусан, газ плиталарини, иситиш ва сув иситгич асбобларини ҳамда дудбўронларни пухта текширишни сўраган.

«Маиший уй ёритгичлари ва бошқа электр жиҳозларини ёқишдан олдин хонага кириб, унинг ичида газ ҳиди (бошқа бегона ҳидлар) йўқлигига ишонч ҳосил қилишингиз ва фақат шундан кейингина электр энергиясидан фойдаланишингиз керак»,- дейилади хабарда.

Кўп қаватли турар жой биноларида замонавий электр асбоблари ва икки контурли қозонлардан фойдаланишда хавфсизлик техникасига амал қилиш зарур. Агар иситиш қозони ертўлада жойлашган бўлса, у соз аҳволда эканига ишонч ҳосил қилиш лозим.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан иситиш мосламаларидан фойдаланишда ўта эҳтиёткор бўлишни ва «зангори» ёнилғидан оқилона, исроф қилмай фойдаланишни илтимос қилган.

«Ҳисобга олиш (ўлчаш) асбоби ўчиб қолган тақдирда, барча газ ишлатадиган ускуналарни ўчириб қўйиш, сўнг марказий кўк рангли ENTER тугмасини уч марта босиб, 6 дақиқа кутиб туриш керак.

Газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун кеча-ю кундуз ишлайдиган Call-марказига (1104), авария-диспетчерлик хизматига (104) ҳамда Facebook ижтимоий тармоғидаги «Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал қилиш ёллари» жамоат гуруҳига мурожаат қилишингиз мумкин», — дейилади «Ҳудудгазтаъминот» мурожаатида.

Ўзбекистонда кузатилган электр энергиясининг йирик носозлиги хронологияси

25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Тошкент метрополитени фаолияти ҳам тўхтаган, Республикадаги барча поездлар ўз манзилларига кечикиб етиб бориши айтилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ эса тибандликларнинг олдини олиш мақсадида кўчага зарурат бўлмаса, шахсий машинада чиқмасликни тавсия қилганди.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ҳожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.

Кейинроқ Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «вазият шахсан президент назорати остида» эканини маълум қилиб, фуқароларни саросимага тушмасликка чақирди. Шавкат Мирзиёев топшириғи билан электр энергиясида кузатилаётган носозлик бўйича комиссия тузилди. Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон ва Хоразмда электр энергияси тўлиқ тикланганини хабар қилди. Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти тикланди. Тошкент ИЭСнинг фаолияти қисман тикланиб, 7 та энергоблокдан 5 таси барқарор иш фаолиятига келтирилди.

Энергия танқислиги ортидан Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди. Газли, Шўртан ҳамда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та кон фаолиятини вақтинча тўхтатди.

ССВ Зангиота ковид-марказларидаги электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди.

26 январь соат 02:30 га бориб Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида электр таъминоти тўлиқ тиклангани хабар қилинди.

Бошқа янгиликлар