Польша собиқ президенти, Нобель мукофоти лауреати 78 ёшли Лех Валенса коронавирусга чалинди. Бу ҳақда унинг ўзи Facebook’даги саҳифасига ёзиб қолдирган.
Валенсанинг сўзларига кўра, у коронавирусга қарши уч марта эмланган ва COVID-19 га уч маротаба тест топширган. «Ишонгим келмайди», — деб ёзади Нобель лауреате. У ўзини ёмон ҳис қилаётгани, бош оғриғи ва бўғимлардаги оғриқдан шикоят қилган.
Пост остидаги изоҳларда шифокорлар Валенсага эмланиш касалликдан ҳимоя қилмаслигини, балки уни енгил ўтказишга ёрдам беришини ёзиб қолдирган ва Польша собиқ президентига тиббий ёрдам сўрашни маслаҳат берган.
2021 йилнинг мартида Лех Валенса кардиостимулятордаги озиқланиш элементини алмаштириш бўйича операцияни бошидан ўтказганди. Операция аввалида Валенса видолашув видеомурожаатини ёзиб қолдирган ва унинг Facebook’ка жойлаштирган. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган.
Маълумот учун, Польшада 38 миллион аҳоли истиқомат қилади, ўтган бир сутка ичида яна 32 835 кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Польша собиқ президенти Лех Валенсанинг ўғли ўлик ҳолда топилган, Польша миллий хотира институти мамлакатнинг Валенсага қарши махсус хизматлар билан ҳамкорлик борасида ёлғон маълумот бериш гумони билан жиноий иш қўзғатган эди. 2021 йил февралда эса Польшанинг собиқ президенти коронавирус сабаб ўзига иш излаётгани маълум бўлганди. Валенса нафақага чиққанидан кейин ойига 6 минг злотий миқдорида, яъни 1,6 минг АҚШ долларига тенг пенсия олади. Польшада ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 минг злотийни ташкил этади.
Аввалроқ Польша президенти Анжей Дуданинг COVID-19 га топширган тести мусбат чиққани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)