Хитойда бачадон билан жиҳозланган одамсимон робот ишлаб чиқилмоқда. У инсон ҳомиласини кўтариш, катта қилиш ва туғиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Чосун Илбо нашри хабар берди.

“Ҳомиладор робот” лойиҳаси устида Сингапурнинг Нанянг технологиялар университети олими Чжан Сифен ишламоқда. Унинг сўзларига кўра, бу оддий инкубатор эмас, балки қорин бўшлиғига жойлаштирилган сунъий бачадонга эга гуманоид бўлади. У фарзанд дунёга келишида зарур бўлган барча жараённи — уруғланишдан тортиб туғруққача такрорлай олади. Ҳомила робот бачадонидаги амниотик суюқлик ичида ривожланади, озиқ-овқат эса махсус найча орқали етказилади.
Сунъий бачадон ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибаларда ижобий натижа берган. International Nature Communicationс журналида келтирилишича, 2017 йилда Филадельфия болалар шифохонаси олимлари 23 ҳафталик инсон ҳомиласига тенг бўлган, аммо муддатидан олдин туғилган қўзичоқни “биобаг” деб аталган сунъий бачадонда ривожлантирилган. Шаффоф винилдан тайёрланган биобаг ичига илиқ сув ва туз қўшилиб, сунъий амниотик суюқлик ҳосил қилинган, қўзичоқ эса киндик орқали озиқлантирилган. Орадан тўрт ҳафта ўтгач, жонивор яхши ривожлана бошлаган.
“Сунъий бачадон технологияси аллақачон якуний босқичда. Энди уни роботнинг қорин бўшлиғига жойлаштириш ва одам билан робот ўртасида ҳомиладорликни таъминлайдиган ўзаро боғланиш механизмини яратиш керак”, дейди Сифен.
Аммо у эмбрионни сунъий бачадонга жойлаштириш қандай амалга оширилиши ҳақида батафсил маълумот бермади.
Дастлабки “ҳомиладор робот” прототипи 2026 йилда ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Унинг нархи 100 минг юан (тахминан 14 минг АҚШ доллари) бўлиши мумкин.
Daily Mail’нинг ёзишича, бачадонли робот яратилиши ҳақидаги хабар Хитой ижтимоий тармоқларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар боланинг она билан бачадон давридаги боғланишидан маҳрум бўлишини “ахлоқ ва одоб меъёрларидан йироқ, шафқатсиз” деб баҳолади. Бошқалар эса бу ғояни қўллаб-қувватламоқда.
Изоҳ (0)