Россия армияси 18 августга ўтар кечаси Одесса вилоятидаги Озарбайжоннинг нефть базасига ҳужум қилди. Тўғридан-тўғри зарбалар катта ёнғинга сабаб бўлди. Бу ҳақда Minval хабар берди.

Озарбайжоннинг SOCAR компаниясига қарашли нефть омбори Shahed дронлари ҳужумига учраган. Оқибатда барча 17 та резервуар, насос станцияси, техник иншоотлар, операторлик ва тарози хоналарига зарар етган. Нефть базасининг умумий сиғими 16 минг куб метрдан ортиқ.
Ҳозирда экспертиза тайинланган ва зарар миқдори аниқланмоқда. Бу ҳужум Озарбайжон нефть базасига нисбатан иккинчи марта содир этилмоқда. Россия 8 август куни ҳам объектга 10 га яқин дрон учирганди. Ўшанда ёнғин чиқиб, дизель ёқилғиси қувурига зарар етганди. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса Россияни мамлакат объектларига “мақсадли зарба бериш”да айблаганди.
6 августга ўтар кечаси эса Россия дронлари Одесса вилоятидаги “Орловка” газ компрессор станциясига зарба берди. Бу станция орқали Озарбайжон Украинага газ етказиб беради.
Россиянинг “агрессив сиёсати” тўхтамаса, Озарбайжон Украинага қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган эмбаргони бекор қилиши мумкин. Маълумот ўрнида, SOCAR июль ойи охирида Украинанинг “Нафтогаз“ компаниясига газ етказиб бериш бўйича биринчи шартномани имзолаганди.
Изоҳ (0)