Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, ўзбек адабиётшунослигидаги йирик олим, кўплаб шогирдларнинг устози Бахтиёр Назаров 18 январда 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълумот учун, Бахтиёр Назаров 1945 йилнинг 17 сентябрида Тошкентда туғилган, 1966 йилда Тошкент давлат университетини тугатган. У Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, илмий котиб (1969—1972; 1979—1983 йиллар), директор (1986—1990 йиллар), бўлим мудири (1990 йилдан), Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби ўринбосари (1973—1979 йиллар), вице-президент вазифасини бажарувчи (1999—2000 йиллар) бўлиб ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси (1990—1992 йиллар), олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари (1992—1994 йиллар), «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг бош муҳаррири (1986—1994 йиллар) бўлган.

Бахтиёр Назаровнинг илмий ишлари ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиёти, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланган. Тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов маҳорати ўрганилган. Ойбекнинг 20 жилдли «Мукаммал асарлар» тўпламини нашрга тайёрлашда қатнашган.

Янги типдаги дарсликларнинг (ўрта мактабнинг 9, 11-синфлари учун «Ўзбек адабиёти», олий мактаб учун «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи») муаллифларидан бири ҳисобланади.

Аввалроқ академик Сайдиаҳрол Тўхтаев 79 ёшида, Ўзбекистоннинг фахрий журналисти Рустам Обидов 72 ёшида, академиклар Темурбек Усмонов ва Толиб Мўминов, Олим Маматқул Жўраев 65 ёшида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.