Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Гулобод» маҳалласида оталар чойхонаси, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, спорт майдончалари қурилади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 10 январдаги қарорига асосланиб, хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ҳужжат президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 23 ноябрь куни маҳаллага ташрифи ва аҳоли билан учрашуви якунлари бўйича топшириқларнинг 2-бандини амалга ошириш доирасида қабул қилинган.

Лойиҳа буюртмачиси — пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси. Корхона раҳбарига белгиланган тартибда лойиҳанинг бош лойиҳачиси ва пудратчиларини аниқлаш топширилди.

Лойиҳани молиялаштириш Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган. Бу масала халқ депутатлари кенгаши муҳокамасига киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида кутилмаганда «Гулобод» маҳалласига ҳам ўтиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечирган ва одамлар билан суҳбатлашган.

«Йўл-йўлакай аҳоли билан суҳбатлашиб, маҳаллий шароит билан танишди. 93 ёшли Анвархўжа ота президентни дуо қилди. Маҳалладаги ўзгаришларни таъкидлаб, оталар чойхонаси қуриб беришни сўради. Шавкат Мирзиёев бу таклифни қўллаб-қувватлаб, отахонга мустаҳкам соғлик тилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллада яшовчи фуқаро билан суҳбати акс этган видеони ҳам эълон қилганди.

«Ўзим сизга чиройли чойхона қуриб бераман», — деганди давлат раҳбари.

Изоҳ
Асосий янгиликлар