2021 йилда дунё бўйлаб содир бўлган молиявий жиҳатдан энг эътиборга молик ўнта табиий офат жами 170 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 20 миллиард долларга кўп. Умумий зарар миқдорининг қарийб 13 фоизга ўсиши антропоген (инсонлар таъсирида) иқлим ўзгариши оқибатларини акс эттиради, дея хабар берди Deutsche Welle Британиянинг Christian Aid гуманитар ташкилотига таяниб.
Ташкилот маълумотларига кўра, август ойи охирида АҚШнинг шарқий ҳудудига урилиб, Нью-Йорк ҳудудида кучли сув тошқинига сабаб бўлган «Ида» тўфони 2021 йилда энг катта молиявий таъсир кўрсатган табиий офат бўлди. Christian Aid унда етказилган зарарни 65 миллиард долларга баҳоламоқда.
Иккинчи ўринда – июль ойида Германия ва Бельгияда юз берган сув тошқинлари, уларда жами 43 миллиард доллар зарар етказилган. Рўйхатга АҚШнинг Техас штатидаги кескин совуқ ва Хитойнинг Хенан провинциясидаги сув тошқини ҳам киритилган.
Ташкилот бу рўйхатга, асосан, бой мамлакатларда содир бўлган табиий офатлар киритилганини тан олди. Ҳисоботда айтилишича, қашшоқроқ мамлакатларда инфратузилма суғурталанмагани сабабли табиий офатлардан кўрилган молиявий зарарни ҳисоблаш кўпинча қийинчилик туғдиради.
Декабрь ойи ўрталарида Швейцариянинг Swiss Re қайта суғурта концерни 2021 йилда табиий офатлардан кўрилган глобал йўқотишларни 250 миллиард долларга баҳолаганди, дея эслатади AFP. Унга кўра, 2020 йилга солиштирганда йўқотишлар қарийб чорак (24 фоиз)га ошган.
Изоҳ (0)