Япония бош вазири Фумио Кисида КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан музокаралар ўтказишга тайёр. Бу ҳақда сиёсатчи Япония парламентининг 207-сессияси очилишидаги нутқида айтиб ўтди.
Сессия давомида Кисида ўн йиллар олдин Шимолий Корея агентлари томонидан ўғирлаб кетилган Япония фуқаролари масаласини ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. У Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан муаммони ҳал қилиш учун ҳеч қандай шартларсиз учрашишга тайёр эканини яна бир бор таъкидлади.
«Ҳеч қандай шартларсиз шахсан ўзим Ким Чен Ин билан бевосита мулоқотга киришишга тайёрман. Япония ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга интилиш зарур», — деди бош вазир.
Ўз навбатида, Кисида КХДРда сақланаётган Япония фуқаролари муаммосини ҳал қилишга ваъда берди. Бош вазир, шунингдек, бутун нутқини унинг маъмурияти халқаро инсон ҳуқуқлари масалаларига содиқлигини таъкидлашга бағишлади ҳамда маъмуриятда эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги ҳаётий даражада муҳим деб ҳисобланишини келтирди.
Фумио Кисида 4 октябрь куни Япониянинг 100-бош вазири этиб сайланган. Шу муносабат билан мамлакатда янги Вазирлар Маҳкамаси тузилган эди. Бироқ 14 октябрда парламент қуйи палатаси ваколат муддати тугаши муносабати билан тарқатиб юборилган, 31 октябрда эса унинг янги таркиби сайланган.
Парламент қуйи палатасида бўлиб ўтган сайловда Кисида мамлакатнинг 101-бош вазири этиб қайта сайланган.
Изоҳ (0)