Янги Зеландия пойтахти Веллингтонда минглаб одамлар мажбурий эмлаш ва ҳукумат томонидан ўрнатилган локдаунга қарши норозилик билдириб чиқди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Веллингтондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари парламент биносининг муҳофазасини кучайтирди, бу мисли кўрилмаган хавфсизлик чорасига айланди. Мазкур намойиш мамлакатда кузатилган бу турдаги энг йирик митинг бўлса-да, у тинч ўтди. Шу билан бирга, намойишчилар карантин чекловларини олиб ташлаш ва мажбурий эмлашни бекор қилиш талабини илгари сурди. Уларнинг кўпчилиги АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг «сохта янгиликлар» ҳақидаги иқтибослари ёзилган плакатларни кўтариб олганди.
Янги Зеландияда 2021 йилда коронавируснинг «дельта» штамми тарқалиши туфайли касалликнинг жиддий авж олиши кузатилди. Мамлакат бош вазири Ясинда Ардерн Европа ва Қўшма Штатларнинг аксарият мамлакатларида бўлгани каби баъзи соҳа ходимлари учун мажбурий вакцинацияни жорий қилди.
Янги Зеландия ҳозирда COVID-19 энг кам учрайдиган давлатлар қаторига киради. Бутун мамлакат бўйлаб 8 мингдан кам одам вирус юқтирган, улар орасида 32 та ўлим қайд этилган. Мамлакатдаги катта ёшли аҳолининг 80 фоизи коронавирусга қарши эмланган.
Аввалроқ Францияда ёшлар вакцина олмаслик учун атайлаб ўзларига коронавирус юқтираётгани хабар қилинганди. Францияда жамоатчилик жойларига ташриф буюриш учун санитария рухсатномасига эга бўлиш шарт, у эса фақат касалланиб ўтган ёки вакцина олган французларга берилади. «Умримнинг охиригача ҳар уч ойда вакцина олганимдан кўра, бир марта COVID-19 га чалинганим афзалроқ», — деб ёзади франциялик ёшлардан бири ижтимоий тармоқда.
Изоҳ (0)