«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
15:40, 22.10.2021 14856

Оёқлар терлашини бартараф этишга ёрдам берадиган 7 тавсия

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, Ер юзидаги 5 фоиз одам оёқларининг терлашидан азият чекади. Ёзда бу ёқимсиз ҳолатнинг кузатилишига жазирама, совуқ кунларда эса оёқни иссиқ тутиш билан бирга, ҳаво ўтказмайдиган пойабзалларда кун бўйи юриш сабаб бўлади.

Фото: «Домашний очаг»

Пойабзал ва пайпоқни тўғри танланг

Резина ва пластикдан ишланган пойабзаллар оёқни иссиқ тутгани билан, ҳаво ўтказмагани ҳисобига оёқ терлайди ва ҳидлана бошлайди. Шу сабаб ҳам танлаётганда эътибор беришни унутманг. Пайпоқ борасида эса намликни ютувчи вариантлар айни муддао. Жун матосидан тикилган пайпоқлар оёқни иссиқ тутиш билан бирга, намликни ўзига олгани сабаб ҳам айнан уларни харид қилиш тавсия қилинади.

Присипкадан фойдаланинг

Присипка ҳужайралардан тери ажралиши биланоқ намликни бартараф қилиб, оёқларни қуруқ сақлайди.

Антиперспирантларни ҳам эсдан чиқарманг

Оддий шарчали антиперспирантли-дезодорантдан оёқлар учун ҳам фойдаланса бўлади. У тери безларни блоклайди ва суюқлик ажралишига халал беради. Тананинг иссиқлик назоратига салбий таъсир қилиши мумкинлиги сабаб эса ундан фойдаланиш борасида меъёрни билиш тавсия қилинади.

Гигиенага риоя қилишни унутманг

Терлаш жадаллашадиган бўлса, оёқларни кунига камида икки марта ювиш ҳамда совун ёки таркибида эвкалипт ёки чой дарахти бўлган бошқа воситадан фойдаланиш керак. Антибактериал хусусиятга эга бўлган мазкур ўсимликлар ёқимсиз ҳид анқишига сабаб бўладиган микробларни йўқ қилади.

Оёқлар учун ванна қилинг

Бироз сода ёки дамланган қора чой қўшилган илиқ сувга оёқларни 20 дақиқа давомида солиб ўтиринг. Улар кучли антибактериал таъсир кўрсатади. Чойда, шунингдек, пораларни торайтириб, ортиқча терламасликка олиб келадиган танинлар мужассам бўлади.

Келиб чиқиш сабабларини аниқланг

Терлаш айнан қайси маҳсулотлар истеъмолидан кейин ёки айнан ниманинг турткисида кўпроқ кузатилаётганига эътибор беринг.

Суюқлик ичишни канда қилманг

Суюқлик қанча кам ичилса, терлаш шунчалик кучли бўлади. Гап шундаки, етарли даражада суюқлик қабул қилинмаганда организм бирданига қизийди ва бунда тери безлари совитиш учун фаол ишлай бошлайди. Шу сабаб ҳам кўпроқ сув ичишга ҳамда оёқларингиз қуруқ бўлишига эътибор қаратинг.