Беларусь Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат жойлари ва транспортда ҳимоя ниқобларини тақиш борасидаги талабни бекор қилди. Вазирлик коронавирус тарқалишига қарши санитар-эпидемиологик чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорга бу борадаги тегишли ўзгартиришни киритган, деб хабар беради Meduza.

Фото: «Кp.by»

Соғлиқни сақлаш вазири ниқоб тақиш режимини бекор қилинганини 22 октябрь куни — мамлакат президенти Александр Лукашенко ҳимоя ниқобларини тақиш мажбурийлигини танқид қилганидан икки кун ўтиб эълон қилган. «Ниқоблар ҳам, ҳимоя тадбирлари ҳам ва вакцинация ҳам — ҳар бир инсон учун мутлақо ихтиёрий иш», — деган эди Лукашенко 19 октябрь куни COVID-19 га қарши кураш бўйича ўтказилган йиғилишда.

Беларусда жамоат жойлари ва транспортда ниқоб тақиш талаби 9 октябрда, мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолати ортаётгани сабаб жорий этилганди. Ниқоб тақиш режимини бузганлар жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг августида Беларусь президенти Александр Лукашенко унга атайин коронавирус инфекцияси юқтирилган деб ҳисоблашини, бундан ташқари, мамлакат коронавирус эпидемиясини енгиб ўтганини маълум қилганди.