Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 240 748 401 кишини ташкил қилмоқда, шуларнинг 4 900 105 нафари вафот этган. Айни вақтга қадар жаҳон бўйича 6,632 миллиард доза вакцина қўлланилган.

Касалланганлар сони бўйича АҚШ (44,9 миллион), Ҳиндистон (34 миллион), Бразилия (21,6 миллион), Буюк Британия (8,4 миллион) ва Россия (7,9 миллион) энг олдинда бормоқда.

Филиппин

Фото: AP Photo

COVID-19 нинг янги штаммлари пайдо бўлишига таъсир қиладиган омил маълум қилинди

Турли мамлакатларда коронавирусга қарши вакцинанинг нотенг тақсимланиши иқтисодий пасайишнинг давом этишига ҳамда COVID-19 нинг янги штаммлари пайдо бўлишига олиб келмоқда. Бундай фикрни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, дунё мувофиқлаштирилган ва тенг ёндашувга амал қилмаса, касалланиш ҳолатларининг барқарор қисқаришига бирорта ҳам давлатда эришиб бўлмайди.

Коронавирусга қарши вакциналарни бой ва камбағал мамлакатлар ўртасида тенг тақсимлаш имконини бериш учун COVAX лойиҳаси бор. Уни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ва GAVI альянси — ночор мамлакатларда болаларни эмлаш имконини берувчи хусусий ва ҳукумат ташкилотлари шериклиги томонидан амалга оширилади. Ушбу механизм орқали Молдова ҳамда Африканинг баъзи давлатлари COVID-19 га қарши бепул вакцина билан таъминланди.

Россияда кетма-кет беш кундан буён касалланганлар сони бўйича рекорд ўрнатилмоқда

Россияда ўтган бир кеча-кундузда 34 325 кишида коронавирус аниқланди, бу пандемия бошидан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Касалланганлар сонининг кунлик ўсиши кетма-кет беш кундан буён рекорд ўрнатмоқда. 14 октябрь куни ушбу кўрсаткич 31 минг кишидан ошди, ундан кейинги кунларда яна тахминан минг кишига кўпайди. 17 октябрь куни мамлакатда 34 303 киши касалланди.

Шунингдек, бир кун ичида 998 киши вафот этди. Ўлим ҳолатлари 16 октябрда ўрнатилган рекорд кўрсаткичга яқин даражада сақланиб қолмоқда, ўшанда бир суткада биринчи марта мингдан ортиқ киши вафот этганди.

Тезкор штабга кўра, Россияда пандемия бошидан буён 8 миллиондан ортиқ одам коронавирусни юқтириб олган, 224,3 минг киши вафот этган.

Грузияда коронавируснинг бешинчи тўлқини бошланди

Грузияда эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши коронавирус бешинчи тўлқини бошланганидан дарак беради. Бу ҳақда Касалликлар устидан назорат бўйича миллий марказ раҳбари Амиран Гамкрелидзе маълум қилди. У COVID-19 га қарши кураш бўйича ҳукумат сиёсатини ишлаб чиқишда асосий иштирокчилардан бири ҳисобланади.

«Бу ҳаёт ва мамот масаласи. Ҳамма эмланиши керак, ҳамма ниқоб тақиши керак. Акс ҳолда ноябрь Грузия учун энг оғир бўлади», — дея огоҳлантирди Амиран Гамкрелидзе.

Грузиялик эпидемиологлар фикрича, вазият ёмонлашувининг асосий сабабчиси — аҳоли орасида вакцинация даражасининг ўта пастлиги. ССВ маълумотларига кўра, Грузияда Pfizer, AstraZeneca, Sinovac ва Sinopharm вакциналари билан аҳолининг 22 фоизигина тўлиқ эмланган. Йил охиригача «оммавий иммунитет» ишлаб чиқилиши учун ҳар куни камида 30—40 минг киши эмланиши керак, аммо айни пайтда кунлик вакцинация 4—5 минг кишига тенг.

Пандемия бошидан буён Грузияда 665 мингдан ортиқ одам вирусни юқтириб олган, шуларнинг 9470 дан зиёди вафот этган.

Мелбурн келаси ҳафтадан локдаунни бекор қилмоқчи

Австралиянинг аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турадиган Мелбурн шаҳрида келаси ҳафта қатъий локдаун режими бекор қилинади.

«Пайшанба 23:59 (Тошкент вақти билан 21 октябрь 17:59)дан бошқа локдаун бўлмайди, уйдан чиқишга чекловлар ва комендантлик соати бўлмайди», — деди Виктория штати бош вазири Дениел Эндрюсга таяниб.

Шу тариқа, Мелбурнда ҳисоб бўйича олтинчи локдаун режалаштирилганидан беш кун аввалроқ якунланади. Бундай қарорнинг асосий сабаби — Виктория штати аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш жараёнининг фаоллашгани. 21 октябрга қадар 16 ёшдан ошган аҳолининг 70 фоизини тўлиқ эмлаш режалаштирилмоқда.

Таъкидланишича, локдаун бекор қилинишига қарамасдан, Мелбурн аҳолиси ҳамон ўз агломерациясини тарк этиб бошқа туманларга кета олмайди. Бошқа бир қатор чекловлар ҳам ўз кучида қолади. Вакцинация кўламига қараб кейинроқ бошқа чекловлар ҳам бекор қилиниши мумкин.