Ўзбекистоннинг собиқ молия вазири, собиқ бош вазир ўринбосари, ҳозирда «Ўзбекинвест» компанияси раҳбари сифатида фаолият юритаётган Рустам Азимов 2017 йил июнь ойида ҳукуматдаги лавозимини тарк этганидан сўнг биринчи маротаба ОАВда чиқиш қилди, деб ёзади «Gazeta.uz».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Азимов ЎзАда эълон қилинган мақоласида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов давридаги муҳим воқеаларга тўхталиб, унинг қўл остида ишлаганини эслаган.

«Биринчи Президентимизнинг қўл остиларида 25 йил ишлаш мен учун жуда катта ҳам мактаб, ҳам синов эди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўта талабчан инсон эдилар. Лекин улар ушбу талабчанликни олдин ўзларига қаратар, кейин қўл остида ишлайдиганлардан талаб қилар эдилар», — дейди у.

Шундан кейин, у сўнгги беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этади. Собиқ ҳукумат аъзоси Ўзбекистон ушбу даврда демократик жамиятни қуришга киришганини ва бу осон бўлмаганини таъкидлаган.

«Эксперт ва мутахассислар ‘бу қадамни босишнинг вақти ҳали келмади, сиз ҳам, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жуда катта қийинчиликларга дуч келасизлар’ деб муҳтарам президентимизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлишган. Лекин Шавкат Миромонович ўзларининг метин иродалари туфайли жуда тўғри ва доно қарор қабул қилдилар. Чунки демократия бўлмаган давлатда ривожланиш бўлиши жуда қийин. Қўпол қилиб айтганда, бир қушнинг қанотларини кесиб ташласангиз, у учмайди. Демократия халқимизнинг қанотларни кенг ёйиб, парвоз қилишга, яъни ижодкорлик, ташаббускорлик ва янгиликка интилишга бўлган хусусиятларига кенг йўл очди», — дея таъкидлайди у.

Бундан ташқари, у мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги, камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтган.

Рустам Азимов мамлакатда йиғилиб қолган муаммоларни «фақат ўзимизнинг чегараланган манбалар ҳисобидан тўлиқ ҳал қилишнинг имкони йўқ»лигини, шунинг учун Ўзбекистон четдан қарз олишга мажбурлигини қайд этган.

«Тўғри, қарз ошмоқда, лекин шу билан бирга иқтисодиётимиз ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда, ўсаётган иқтисодиёт эса, менинг фикримча, бу қарзларни ўз вақтида тўлашга тўлиқ имконият беради», — дейди собиқ молия вазири.

Азимов мамлакатдаги бошқа соҳалардаги охирги беш йилдаги ислоҳотлар ва ютуқларда ҳам амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг хизматларини эътироф этган.

«35 миллион аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳаётини тубдан ҳар томонлама ислоҳ қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва бошқариш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу ўта оғир юкни фақат давлатимизда вазиятни чуқур биладиган, бой билим ва тажрибага эга бўлган, иродали ва довюрак, олий даражадаги ташкилотчилик қобилиятига эга — миллий лидер Шавкат Мирзиёев матонат билан ўз зиммаларига олиб, амалга оширмоқдалар», — дейди у.

У Шавкат Мирзиёев бош вазир лавозимида ишлаган пайтларида ҳам кўп долзарб масалаларни ўз зиммасига олиб, ижобий томонга ҳал қилишга ҳаракат қилиб келганини таъкидлаган.

«Мисол учун, пахта ҳосилига бевосита шахсий масъул бўлишларига қарамасдан, қонимизга сингган ‘амри вожиб’ деган тушунчани четга суриб қўйиб, қатъият билан мактаб болаларини пахта йиғим-теримида далага чиқармасликка қарор қилдилар ва маҳаллий ҳокимларни ҳам шунга ундадилар», — дейди собиқ бош вазир ўринбосари.

«Ечилиши лозим бўлган энг долзарб масалалардан, авваламбор, ёшларимизга сифатли таълим ва тўғри тарбия беришимиз, иқтисодий жиҳатдан оммавий равишда янги замонавий иш жойларини хусусий бизнес орқали барпо этиш ва чўл ерларда 4 йил ишлаган инсон сифатида ўйлайманки, сув ресурсларидан чуқур ўйланган ва узоқ муддатли оқилона фойдаланиш стратегияси асосида амалга оширилган ишлар натижасидагина давлатимиз ва халқимиз сўзсиз ўз мақсад-у муродига етади», — дейди Рустам Азимов.

Маълумот учун, Рустам Азимов (1958 йилда туғилган) кўп йиллар давомида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири лавозимида фаолият кўрсатган. 2016 йилнинг декабрида у молия вазири лавозимидан озод этилиб, бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди. 2017 йилнинг июнь ойида бош вазир ўринбосари лавозимидан озод этилиб, «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси раҳбари этиб тайинланган эди.

2016 йил 8 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президенти вазифа ва ваколатлари вақтинча юклатилган парламентининг қўшма мажлисида Рустам Азимов ҳам нутқ сўзлаб, Мирзиёевни «Ислом Каримовнинг содиқ шогирди ва сиёсий фарзанди» дея таърифлаган эди.