Amazon компанияси камера ва планшет ўрнатилган ғилдиракли митти роботи — Astro’ни намойиш этди. У уй ичида сониясига 1 метр тезликда ҳаракатланиши мумкин, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Тахминларга кўра, роботнинг зиналардан тушиб кетиши ёки бошқа хавфли ҳаракатлардан ҳимояланишига ёрдам берадиган датчиклари мавжуд. Планшет экранидаги кўз тасвирлари эса унга «жонли» эффект бериши керак.
Мазкур гаджетнинг нархи 1499,99 долларни ташкил этади, махсус дастурга кирадиган айрим мижозлар учун эса у 1000 доллардан сотилади.
Таъкидланишича, Astro уйда ҳеч ким бўлмаганида уни қўриқлаши ва номаълум инсон уйга кирганида хўжайинини огоҳлантириши мумкин. Шунингдек, робот тутун сигнализацияси ёки ойнанинг синиши каби товушларни таниш имкониятига эга бўлади. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, роботдан ёрдамга муҳтож инсонлар, масалан, кексаларни парваришлашда фойдаланса бўлади.
Махфийликка риоя қилиш учун Astro бир нечта опцияларга эга бўлган: масалан, роботни маълумот бир хоналарга кирмаслик ёки микрофон ва камерасини ўчириб қўйишга ўргатиш мумкин, бироқ бу каби режимда Astro бошқа буйруқларни бажара олмайди.
Аввалроқ Францияда кексаларга ёрдам беришга мўлжалланган робот яратилгани, Samsung уй ишларига ёрдам берадиган ноодатий роботни тақдим этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)