2050 йилга келиб иқлим ўзгариши туфайли дунёнинг олти минтақасида 216 миллион киши ўзи яшаётган мамлакат ичидаги бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банкининг ўтган ҳафта чоп этилган Groundswell («Тўққизинчи тўлқин»)нинг янги ҳисоботида айтилган.

Фото: euronews.com

«Иқлим ўзгариши ички миграцияни қўзғатувчи куч ҳисобланади, чунки у аҳоли даромад манбаларига таъсир қилади ва ундан энг кўп зарар кўрган ҳудудларда ҳаёт сифатини кескин ёмонлаштиради», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот учта минтақа учун прогнозлар ва таҳлилларни ўз ичига олади: Шарқий Осиё ва Тинч океан, Шимолий Африка, Шарқий Европа ва Марказий Осиё. Унда давлат органларига узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқишда ёрдам бериш учун келажакда юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришларни башорат қилувчи сценарийга асосланган ёндашувдан фойдаланилади.

Бу ёндашув мамлакат ичидаги иқлим муҳожирларининг оқими чиқиб кетадиган ва бориб жойлашадиган «ўчоқлар»ни, яъни сув танқислиги, экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши туфайли одамлар чиқиб кетиши кутилаётган туманларни, шунингдек, янги ҳаёт бошлаш учун қулайроқ бўлган шаҳар ва қишлоқ жойларини аниқлайди.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, ушбу минтақаларда ички иқлим миграциясининг «ўчоқлари» 2030 йилга келиб шаклланиши мумкин, 2050 йилга келиб эса бу жараённинг кўлами ва интенсивлиги ошади. Ички иқлим муҳожирлари бу йил Африка давлатларида Саҳройи Кабирдан жанубга кўчадиганлар 86 миллионга, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида 49 миллионга, Жанубий Осиёда 40 миллионга, Шимолий Африкада 19 миллионга, Лотин Америкасида 17 миллионга, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5 миллионга етиши мумкин.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун хулосалар

2050 йилга келиб Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5,1 миллионгача иқлим муҳожирлари пайдо бўлиши мумкин, бу умумий прогноз қилинаётган аҳолининг 2,3 фоизини ташкил қилади. Улардан 2,4 миллионгача бўлгани Марказий Осиёда яшайди (ўртача пессимистик сценарий бўйича). Мутахассисларнинг тахмин қилишича, Фарғона водийси (Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида), Тошкент атрофидаги ерлар ва Тожикистон жанубининг пасттекислик ҳудудлари (жумладан, Душанбе), шунингдек, Қозоғистон шимолидаги аҳоли зич жойлашган шаҳарлар (Қарағанда, Нур-Султон ва Костанай) иқлим муҳожирлари оқими зоналарига айланади. Бу Марказий Осиёнинг ушбу ҳудудларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг ўсиши кутилаётгани билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.

Экспертлар Қозоғистоннинг жанубий чегараси бўйлаб, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсига туташ ҳудудлари, шунингдек, Бишкек атрофидаги ерлар иқлим муҳожирларининг чиқиб кетиш зонасига айланишини прогноз қилмоқда. Ҳисоботга кўра, бу минтақанинг ушбу қисмларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши билан боғлиқ.

Худди шу сабабларга кўра, Амударё бўйида жойлашган Шарқий Туркманистон ва Ўзбекистон жанубининг кичикроқ ҳудудлари ҳам иқлим муҳожирлари учун потенциал чиқиб кетиш зоналари сифатида қаралади, дейди экспертлар.

Эксперт тавсиялари

Ҳисоботда айтилишича, глобал чиқиндиларни камайтириш, яшил, инклюзив ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун зудлик билан ҳамкорликда чоралар кўриш иқлим миграциясини 80 фоизга камайтириши мумкин.

Мутахассислар иқлим миграцияси таъсирини камайтириш ва кутилаётган миграция оқимига тайёргарлик кўриш учун зарур бир қатор сиёсий тавсияларини берди, жумладан:

  • глобал миқёсда чиқиндиларни камайтириш ва ҳароратга нисбатан Париж битими (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атмосферадаги карбонат ангидрид газини камайтириш бўйича чора-тадбирларни тартибга солувчи иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси доирасида тузилган шартнома) мақсадларига эришиш учун бор имкониятни ишга солиш;
  • экологик тоза, барқарор ва инклюзив ривожланиш бўйича узоқ муддатли режа тузишда ички иқлим миграцияси омили ҳисобга олинишини тўлиқ таъминлаш;
  • ички иқлим миграцияси мослашиш стратегияларидан бирига айланиши ва ривожланишнинг ижобий натижаларини бериши учун миграциянинг ҳар бир босқичига тайёргарлик кўриш;
  • мақсадли сиёсатни оқилона шакллантириш учун ички иқлим миграцияси сабабларини чуқур ўрганишга сармоя киритиш.

Жаҳон банкининг аввалги 2018 йилда чоп этилган «Тўққизинчи тўлқин» ҳисоботи Африканинг Саҳройи Кабирдан жанубига, Жанубий Осиё ва Лотин Америкасига бағишланган. Унда мутахассислар 2050 йилга келиб дунёнинг бу уч минтақасида ички иқлим муҳожирлари сони 143 миллионга етиши башорат қилинган.