Шимолий Корея ядровий бомбалар учун фойдаланиладиган уранни бойитиш заводини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда сунъий йўлдош тасвирлари ва мутахассисларнинг ҳисоботига асосланиб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Экспертларнинг тахминича, Пхеньян Йонбенда қурол учун фойдаланиладиган уранни ишлаб чиқаришни 25 фоизга оширмоқчи. 1 сентябрь куни олинган сунъий йўлдош тасвири шуни кўрсатдики, завод ҳудудида дарахтлар кесилиб, қурилиш майдончаси тайёрланган.
14 сентябрдаги иккинчи фотосуратда пойдевор қуриш ишларини кўриш мумкин. Бўлажак биноларнинг майдони, тахминан, бир неча минг квадрат метрни ташкил этади. Бу эса мутахассисларнинг фикрига кўра, уранни бойитадиган минглаб янги центрифугаларни жойлаштириш учун етарли.
Аввалроқ Халқаро атом энергияси агентлиги Шимолий Корея Йонбенда қурол даражасидаги плутонийни ишлаб чиқарадиган ядровий реакторни қайта ишга туширгани ҳақида хабар берганди. Реактор 2018 йилнинг декабрь ойида, Ким Чен Ин ва Дональд Трампнинг биринчи учрашувидан олти ой ўтгач ёпиб қўйилганди.
Ўтган ҳафта Шимолий Кореяда Ким Чен Ин иштирокидаги ҳарбий парад ўтказилди. Тадбирнинг экспертлар ва журналистлар эътиборини тортган ўзига хос хусусиятларидан бири унда баллистик ракеталарнинг йўқлиги бўлди. Шу тариқа Пхеньян гўёки тинчликни исташи ҳақида сигнал берди.
Аммо кейинги ўзгаришлар Пхеньяннинг Вашингтон ва унинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларини ҳайратда қолдирадиган кутилмаган қадамларга тайёрлигини тасдиқлади: КХДР ўзи ишлаб чиқарган янги ракеталарини синовдан ўтказди.
Изоҳ (0)