Ер юзининг қайси бурчаги бўлмасин, ҳайитни нишонлаш, унинг амалларини адо этиш — ҳар бир мусулмон учун шараф. Лекин ҳар жойнинг ўз «тош-у тарозиси» бор. Тақдир тақозоси билан чет элларда қўним топган ўзбекистонликлар болаликдан сингдирилган ҳайит урф-одатларини бажариш имконига қанчалик эга? «Дарё» шу савол билан бир гуруҳ ватандошларга мурожаат қилди.
Бегойим Содиқова 15 йилдан буён Германия яшайди. Филолог, иқтисодчи. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети немис филологияси факультетини тамомлаган, сўнг Франкфурт (Германия)даги Гёте университетида иқтисодиёт соҳасида таҳсил олган. Ҳозирда Cobalt Deutschland GmbH компаниясининг Франкфуртдаги шуъбасида менежер сифатида ишлайди. Оилали, икки қизалоғи бор.
Германия — инсон манфаатлари юқори даражага қўйиладиган, эътиқод эркинлиги ҳурмат қилинадиган мамлакат. Статистика бўйича Германия аҳолисининг учдан икки қисми насронийлар, қолгани эса бошқа дин вакилларидир. Жумладан, мамлакатда 5,6 миллионга яқин мусулмонлар яшайди. Германияда масжидлар етарли даражада экани ҳам шу билан изоҳланади. Масжидлар ҳеч бўш турмайди, ҳайит айёмида намоз вақтлари айниқса гавжум бўлади. Яна бир жиҳати, бу масжидларда аёллар намоз ўқиши учун алоҳида жой ажратилган. Бунда аёлга номаҳрамнинг кўзи тушмайди — аёллар бошқа эшикдан киради, улар учун алоҳида таҳоратхоналар бор.
Юқорида таъкидлаганимдек, Германия, асосан, насронийлар истиқомат қиладиган мамлакат, шу боис мусулмонларнинг ҳайит байрами бу ерда дам олиш куни ҳисобланмайди. Аммо ишчи-ходим бу қандай муҳим байрам эканини раҳбариятига тушунтириб, ўз ҳисобидан дам олиши мумкин. Бунга қаршилик бўлмайди. Биз яқиндан биладиган ўзбекистонлик оилаларнинг деярли бари байрам кунлари шу тарзда уйда бўлади, дўст-танишларнинг хонадонида бўлиб, қутлуғ кунни нишонлайди. Ҳар ҳайитда ватандошлар билан борди-келди қиламиз, бирор жойда тўпланамиз, миллий таомларимизни тайёрлаймиз, Қуръондан оятлар ўқилади.
Мусулмонлар учун фарз ва суннат қилинган амаллар диндошлар орасида бу ерда ҳам Ўзбекистондаги каби кенг тарғиб қилинади. Қурбон ҳайитидаги қурбонлик масаласига келсак, Германияда жониворларни сўйиб ўлдириш тақиқланган — ҳайвонни азобга қўймаслик учун уни ток билан жонсизлантириш керак, деб ҳисобланилади. Шу боис бу ердаги ватандошлар қурбонлик атамоқчи бўлса, яхшиси, пулини Ўзбекистондаги яқинларига жўнатади, улар қўй сўйиб, гўштини эҳтиёжмандларга тарқатади. Шу ўринда Германиядаги «Ҳумо» ўзбек-олмон жамияти фаолияти ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Жумладан, жамият Рамазон ҳайити фитр-садақаларини тўплаб, учинчи бор ўтказилган хайрия акцияси доирасида Ўзбекистонга жўнатди. Ватанимизда қийналиб қолган 2 мингдан ортиқ оилага шу йўл билан кўмак берилди.
Аллоҳга шукр, икки қизалоғим бор. Уларни ўз миллатимиз қадриятлари, динимиз удумлари руҳида тарбиялашга ҳаракат қиламиз. Хусусан, ҳайит айёмларини ҳам орзиқиб кутамиз, нишонлаймиз. Катта қизимиз Ойша тўрт ярим ёшда. Ҳайитдан 10—15 кун аввал байрам яқинлигини, совғалар тайёрлашимизни айтамиз. Байрамнинг гўзал фазилатлари ҳақида кўпроқ гапирамиз. Табиийки, бола кута бошлайди. Масалан, Рамазон ҳайити олдидан бирга совғалар тайёрладик, чиройли халтачаларга жойладик. Ҳайит куни эса қизим дадаси билан бирга ўзбекистонлик яқинларимизнинг фарзандларига совғаларни улашди. Ўзимиз ҳам қизларимизга энг яхши кўрган нарсаларини айнан шу куни туҳфа қилдик.
Фарзандларимиз бу ерда турли миллат, турли дин вакиллари орасида улғаймоқда, шу боис биз уларнинг тарбиясига катта эътибор беришимиз керак. Шу билан бирга бошқа миллат болалари онгида шакллангани каби инсон фикрини ҳурмат қилиш хислати бизнинг болаларда ҳам ўрнашишига ҳаракат қиламиз.
Манзура Акрамова 2014 йилдан бери АҚШда яшайди, Green Card дастури орқали кўчиб кетган. Ҳозирда турмуш ўртоғи ва коллежда ўқийдиган қизи билан бирга Нью-Йоркда яшайди.
Америка — озодлик макони. Бу ерда дин, эътиқод борасида бирор чеклов йўқ. Шу даражадаки, ўз ватанида эътиқоди сабаб тазйиққа учраганларга ҳам жой топилади бу ерда. Рўмол ўрайсанми, соқол қўясанми — ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ. Масжидларда турли ирқ ва миллат вакиллари ёнма-ён саф тортиб намоз ўқийди. Мусулмонларнинг қутлуғ байрамлари — Рамазон ва Қурбон ҳайитлари АҚШда умуммиллий байрам ҳисобланмаса-да, аммо Нью-Йоркда ҳайитни кенг нишонлаш учун шароитлар яратилган. Хусусан, мусулмонларга тегишли ёки ходимлари, асосан, мусулмон ўлкалардан келганлар бўлган корхона ва ташкилотлар шу куни иш вақтини ўзгартиради, Нью-Йоркдаги давлат мактаблари учун эса байрам ҳисобланади.
Ҳайит — эзгулик байрами. Ҳайит олдидан масжидларда садақаи жория ташкил этилади, бу билан етим-есирларга, камбағал оилаларга кийим-бош, зарурий ашёлар тарқатилади. Америкадаги ватандошларимиз эса ҳар ҳайитда Ўзбекистондаги 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган етим ўғил-қизларга кийим-бош, пойабзал жўнатади.
Қурбон ҳайитининг ўзига хослиги қурбонлик билан. Бу ерда қурбонлик қилиш учун шароитлар Ўзбекистонникидан кам эмас. Фақат қўйни танлаб беришингиз керак. Махсус кушхоналар бор, мусулмончилик қоидалари бўйича сўйиб беришади. Гўштини, хоҳланг ўзингиз билган одамларга тарқатинг, хоҳланг эҳсон қилинг — ўзлари ночор оилаларга тарқатади. Бу ерларда ҳам ўзига хос эҳтиёжманд оилалар бор.
Ўзбекистонда ҳайитларда мумкин қадар янги либос кийишга ҳаракат қилинади, қариндош-уруғлар, болаларга «сайл харжи» деб пул берилади. Бу ерда эса аёлларга чиройли бош кийим — шарф ё рўмол берилса, эркакларга атир ёки ҳамён, болаларга эса китоб ва ўйинчоқлар совға қилинади.
Турмуш ўртоғим иккимизнинг болалигимиз Самарқанднинг қадимий маҳаллаларида ўтган. Самарқандга хос ҳайит удумларини унутганимиз йўқ. Арафа куни барвақт туриб, ҳафсала билан оширма хамир қораман. Чиройли ошган хамирдан чалпак пишираман, ис чиқараман. Ўтганларни хотирлаймиз, Қуръон тиловат қиламиз.
Ўтган Қурбон ҳайитидан буён (пандемия сабаб) қанча яқинларимиз, ёр-у биродарларимизни йўқотдик. Жудолик бизнинг оилани ҳам четлаб ўтмади. Қайнота-дадам оламдан ўтдилар. Самарқандда ҳайит кунлари марҳумлар ҳурмати мозорбошига борилади, таъзияли хонадонларга кўнгил сўраб кирилади. Биз эса узоқдамиз. Шу боис қабристондан қайтганларида қайнопамлар, овсинларимга қўнғироқ қилиб, уларнинг кўнгилларини оламан. Бошқа таъзиядор оилаларга онлайн тарзда бўлса ҳам боғланаман.
Феруза Шокирова 9 йилдан бери оиласи билан бирга Туркияда яшайди. Анталия университети Чет тиллар олий мактаби инглиз тили ўқитувчиси. Фарзандлари Туркияда ўқишини истагани, ўзи ҳам магистратура ва докторантура доирасида билимини шу ерда оширишни мақсад қилгани учун Туркияда муқим яшаб қолган. Уч фарзанди бор — катталари университетда, кенжаси лицейда таълим олади.
Туркияда аҳолининг катта қисми, ҳеч кимга сир эмаски, мусулмонлар, мамлакат ҳаётига Ислом динининг таъсири жуда катта. Бир-бирига жуда яқин жойлашган масжидлар, уларнинг баланд миноралардан кунига беш маҳал тараладиган, бир-бирига акс-садо берган тиловат саси фикримнинг исботидек. Оддий кунларда ҳам намоздан сўнг қўлларида тасбеҳ билан кетаётган гурра-гурра ёш-у қарини ҳар жойда учратасиз. Бу, таъбир жоиз бўлса, Туркияда мусулмончилик томирлари анча чуқурлиги, уларга болта тегмаганидан далолатдир, балки. Айни вақтда мамлакатда бошқа дин вакиллари ҳам оз эмас, аммо эътиқодидан қатъи назар бу тупроқдагилар тинч-тотув яшаб келмоқда.
Туркиядаги аксарият мусулмон хонадонларда, дейлик, 31 декабрь (Янги йил) байрам сифатида нишонланмаслиги мумкин. Лекин иккала ҳайит ҳам Туркиядаги асосий байрамлардир — шу боис арафа кунидан бошлаб расмий таътил берилади. Рамазон ҳайитида дам олиш кунлари уч кун, Қурбон ҳайитида эса тўрт кун. Байрам таътилдан олдинги ва кейинги дам олиш кунлари билан бирга тўққиз кунгача чўзилади. Масалан, 2021 йилги Қурбон ҳайитида, арафа билан қўшилганда — беш кун, ундан олдинги ва кейинги шанба-якшанбалар билан қўшиб ҳисоблаганда жами тўққиз кун дам олинди.
Бу Истанбул ва Анқарага ўхшаш катта шаҳарларда яшайдиган аҳолининг ўзлари туғилиб-ўсган шаҳар ва қишлоқларига бориши, қариндош-уруғларини зиёрат қилиши, силаи раҳмни адо этиш учун қулай фурсат. Бошқа тарафдан, айнан шу кунларда ички туризм ривожига ҳам катта ҳисса қўшилади. Бир неча кунлик таътилда одамлар анчадан бери режалаштириб юрган дам олиш масканларида, манзарали жойларда саёҳатда бўлади. Туристик фирмалар байрам турлари ташкил этиши Туркияда одатий тадбир.
Туркларда «қўл ўпиш» удуми бор. Ҳайит байрамида оила катталари, албатта, зиёрат қилинади ва қўли тўтиё этилади. Бу одатга кўра, кичик ёшдагилар катталарнинг қўли юзасини, кафтнинг ташқи тарафини ўпиб, сўнг пешонасига теккизади. Бу ҳурмат белгиси. Кичик болалар ҳам катталар билан қўл ўпиб, байрам нишонлайди. Катталар эса болаларга ҳайитлик беради. Қаерда бўлмасин, ҳайит болаларнинг интиқиб кутадиган байрамларидан бири. Бизда болалар Рамазон ойида эшикма-эшик юриб, Рамазон қўшиғини айтиб, пул ва ширинлик йиғса, Туркияда ҳайит кунлари болалар йиғилиб, қўни-қўшниларнинг эшигига бориб, ҳайит билан табриклаб, пул ва ширинлик йиғади.
Қурбон ҳайитига бир ҳафтача вақт қолганида Туркия шаҳарларига қишлоқ ҳавоси кириб кела бошлайди. Қандай дейсизми? Шаҳар маъмурияти ажратган махсус жойларга қурбонликка мўлжалланган қўй, мол ва эчкилар келтирилади. Қурбонлик қилиш ниятидагилар шу ерларга бориб, ҳайвон танлайди, савдолашади. Шу туфайли шаҳарларда ўзига хос ҳидни сезиш мумкин. Қурбон ҳайити куни танланган ҳайвонлар яна махсус жойларда сўйилади.
Авваллари қурбонлик эгалари жониворларни ўз уйлари яқинида сўйган. Кейинчалик маъмурият ифлосланиш ва касалллик тарқалишининг олдини олиш учун қурбонлик учун махсус жой ва қассоблар ажратган. Кўпчилик Қурбон ҳайити куни эрталаб намоздан кейин ҳеч нарса емай, қурбонликни кутади. Ҳайит куни биринчи луқма қурбонлик гўшти бўлишига эътибор берилади. Мол-ҳол сўйилиб, гўшт тақсимлангач, қариндошларникига меҳмондорчиликка борилади.
Рамазон ҳайитида кўпроқ ширинлик, Қурбон ҳайитида эса ширинлик билан бирга гўшт тортиқ қилинади. Биздагидек дастурхон тузатилмайди. Келган одам қўлига турли хил икромлар солинган ликобча ва бир финжон чой ё қаҳва берилади. «Келин ҳайити», «Ўтганлар ҳайити» деган тушунчалар Туркияда йўқ. Баъзи хонадонларда арафа ёки ҳайитнинг биринчи куни қабристон зиёратига борилади. Иккала ҳайит ҳам камбағал ва мискинларни йўқлаш, уларга имкон қадар кўмак беришга йўғрилган байрамдир.
Ҳар Рамазон ҳайитидан олдин закот ва фитр-садақалар эҳтиёжмандларга етказилади. Кўп ҳолларда дўконларда садақа қилмоқчи бўлганлар учун махсус қутилар жорий қилади. Рўзғор учун энг зарур маҳсулотлар солинган қутиларни олиб, эҳтиёжмандларга тарқатсангиз бўлади. Баъзи дўконлар эса ҳадя чек (ваучер)ларини таклиф қилади. Маълум маблағли чек сотиб олиб, истаган кишингизга совға қилиш имкониятига эга бўласиз.
Тўққиз йилдан буён Туркиянинг энг катта шаҳри Истанбулда ҳайит кутаман. Ҳар бир мусофир учун ҳайит Ватанни энг кўп соғиниш, яқинларни қўмсаш байрамидир. Шундай гавжум шаҳар ҳайит баҳона бўшаб қолганида, қўни-қўшнилар ўз юртига, ота-онасининг бағрига ҳайитни нишонлаш учун кетганида ватанингдан узоқдалигинг айниқса билинади. Яхшиямки, ўзимга ўхшаган ватандошларим, мусофирчиликда орттирган қадрдонларим бор. Улар билан ҳайитлашамиз, байрамни байрамдек ўтказишга ҳаракат қиламиз.
Изоҳ (0)