Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг қарийб 100 фоизи COVID-19 га қарши эмланди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳарбий хизматчиларнинг 94,7 фоизи — вакцинанинг биринчи дозасини, 91,6 фоизи — иккинчи дозасини, 61,1 фоизи эса учинчи дозасини олган. Эмлашда, асосан, ZF-UZ-VAC-2001 хитой—ўзбек вакцинасидан, шунингдек, «Спутник V» ва Moderna вакциналаридан фойдаланилмоқда.
Мудофаа вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати маркази бошлиғи, тиббий хизмат подполковниги Жамшид Шакировнинг таъкидлашича, август ойидан бошлаб Қуролли Кучларнинг бошқа ишчи ва хизматчиларини эмлаш йўлга қўйилди.
Эмлаш ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасалар тиббиёт ходимларидан 647 нафар вакцинатор тайёрланган. Тиббиёт пунктларида 81 та эмлаш пункти, Марказий ҳарбий клиник госпитали, Марказий шифохона ва ҳарбий госпиталларда 8 та эмлаш бригадаси ташкил этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 11 августга келиб Ўзбекистонда жами 11 382 468 доза вакцинадан фойдаланилган бўлиб, улардан 1-босқич эмланганлар 8 049 126 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 2 423 846 нафарни, 3-босқич эмланганлар 909 496 нафарни ташкил қилди. Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар эса 1 371 257 нафарни ташкил қилмоқда.
Изоҳ (0)