«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
10:45, 07.08.2021 29922

Қироллик оиласи ҳаётининг ўзига хос афзалликлари

Қироллик оиласидаги ҳаёт оддий инсонларникидан тубдан фарқ қилади. Белгиланган қоидалар, мажбуриятлардан гўёки одам диққинафас бўлиб кетадигандек, у ердаги инсонлар эса олтин қафасда яшаётгандек тасаввур бор кўпчиликда. Аслида эса ҳар нарса сингари қироллик оиласига мансуб бўлишнинг ҳам камчилиги билан бирга афзалликлари бор.

Фото: Marie Claire

Болаларнинг кўнгил очиши учун алоҳида шарт-шароит

Қироллик оиласининг болалари уларнинг ота-оналари сингари муайян, ҳамманинг ҳам фойдаланиш имконияти бўлмаган бонусларга эга бўлади. Масалан, меросхўрлар 1932 йилда қиролича Елизаветага совға қилинган болалар уйчасида ўйнашлари мумкин. Икки қаватдан иборат ўйинчоқ уйнинг томи похол билан ёпилган. Унинг ичида ёритгич, сантехникадан ташқари, ошхона ҳам бор.

Фото: Marie Claire

Шахсий стилист, қулайлиги текширилган пойабзал

Қиролича Елизаветанинг графиги ҳамиша банд, у анча йиллардан буён қатор учрашувларда, оммавий тадбирларда иштирок этиб келади. Аксарият вақтда фаол бўлиш ва тик туриш талаб қилингани сабаб ҳам қулай оёқ кийим ҳазрати олияларининг гардеробида энг асосий деталлардан бири ҳисобланади. Елизавета II шахсий стилисти Анжела Келлининг маълум қилишича, қанчалик қулайлигини билиш учун айнан у биринчи бўлиб қироличанинг пойабзалини кийиб кўради. «Ҳазрати олияларининг бўш вақти кам бўлади ва оёқ кийим ўлчамимиз бир хил бўлгани сабаб мен ҳамиша туфлини кийиб текшириб кўраман», — деб ёзилган стилистнинг «Танганинг иккинчи томони: Қиролича, стилист ва гардероб» номли китобида.

Фото: Marie Claire

Тишларни ювиш учун ортиқча вақт сарфламаслик

Тиш ва оғиз бўшлиғини тозалаш кўп вақт талаб этадигандек туюлади. Аммо Уэльс шаҳзодаси тамоман бошқача фикрда. Малика Диананинг қўлида ишлаган собиқ ходим Пол Баррельнинг таъкидлашича, қиролича Елизаветанинг тўнғич фарзанди ҳамиша уч нафар ёрдамчиларидан бирига алоҳида кўрсатма берган. Маълум бўлишича, шаҳзода Чарльз уларга ўзи вақт йўқотмаслик учун аввалдан тиш чўткаси устига тахминан 3 сантиметр паста чиқариб қўйишни тайинлаган.

Мусиқа садолари остида уйғониш

«Будилник» билан уйқудан туриш ҳаммага ҳам ёқавермаслиги аниқ. Қиролича эса ҳар куни тонгда бундай ёқимсизликка дуч келмайди. Сабаби у эрталаб шотланд чолғу-асбоби садолари остида кўзларини очади. Маълумотларга қараганда, ушбу чолғуни чалиб, қироличани уйғотадиган лавозим 1843 йилдан буён мавжуд. Унинг вазифаси ҳар куни соат тонгги 9 да Елизавета II деразаси остида туриб 15 дақиқа давомида мусиқа чалишдан иборат.

Фото: Marie Claire

Британия флотидаги исталган кемани реквизиция қилиш ҳуқуқи

1997 йилгача қироличанинг ихтиёрида бўлган ҳашаматли Royal Yacht Brittania яхтаси 43 йил фойдаланганидан кейин эксплуатация ҳисобидан чиқарилган. Айни вақтда монарх эгалик қиладиган сув транспорти йўқ, аммо қонун билан белгиланган назарияга кўра, исталган Британия флоти кемаси «қиролликка хизмат» учун реквизиция қилиниши мумкин.