«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
19:56, 05.08.2021 31244

Голливудда карьераси аввалида кўзга ташланмаган, кейинроқ эса оламшумул шуҳрат қозонган актёрлар (фото)

Фаолиятини бошлаганида турли сабабларга кўра рад этилган, иштирок этган лойиҳалари омадсиз чиқишига қарамай, бугунги кунда ўз ўрни топишга муваффақ бўлган актёр ва актрисалар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Оливия Колман

Фото: AdMe

«Севимли» фильмида қиролича Аннани гавдалантириб, «Оскар»га сазовор бўлган, «Тож» сериалида Елизавета II ролини қойилмақом ижро қилган Оливия бугунги кундаги энг талабгир актрисалардан бири саналади. Аммо бир вақтлар у фақатгина сериалда иштирок этиш билан чекланган, оммага ҳам унчалик таниқли бўлмаган. 2000 йилда «Bruiser» номли шоуда эпизодик роль ижро қилиш билан карьерасини бошлаган Колман машҳурликка 2013 йил «Соҳилдаги қотиллик» фильмидаги ижросидан кейин эришган.

Ҳелен Миррен

Фото: AdMe

24 ёшидан буён фильмларда суратга тушган актриса асосий вақтини театрга сарфлаган. Кейинчалик телевизон постановкаларда иштирок этган. Турли фильмлардаги роли сабаб 1994-, 2001- ҳамда 2009 йилларда «Оскар»га номзод бўлган актриса ва ниҳоят 61 ёшида — «Қиролича» фильмида Елизавета II образини гавдалантиргани учун узоқ кутилган мукофотни қўлга киритган.

Генри Кавилл

Фото: AdMe

Карьерасининг бошланишида катта лойиҳалардан таклиф келиб тушган, аммо сўнгги дақиқаларда у билан ишлашдан бош тортилгани сабаб Empire журнали Генри Кавиллани Голливуддаги энг омадсиз одам деб атаган. Аслида у «Гарри Поттер ва аланга кубоги»да Седрик Диггори, «Казино Роял» фильмида Жеймс Бонд ҳамда «Сумерки»да Эдвард Калленни гавдалантириши керак бўлган. Аммо турли сабабларга кўра режиссёрлар у билан ишламасликни афзал билган. Унга омад 2011 йилда Зак Снайдернинг янги «Пўлат одам» фильмида суратга тушганидан кейин келган. Шундан буён Генри карьера борасида муваффақиятга эришишдан чарчамаган.

Крис Претт

Фото: AdMe

Коллежни тарк этган ҳамда чипта сотувчи ва раққос сифатида фаолият юритган актёрнинг уйсиз қолгани туфайли фургон ёки соҳилда тунаган кунлари ҳам бўлган. Унинг тақдири кафеда режиссёр Рей Дон Чонгни учратганидан кейин ўзгарган. Рей 19 яшар Крисга янги қисқа метражли фильмда суратга тушишга таклиф қилган. Кейинчалик турли сериал ва шоуларда роль ижро қилиб юрган актёрнинг муваффақиятга эришишига «Боғлар ва дам олиш масканлари» сериалидаги роли сабабчи бўлган. Ҳақиқий машҳурликка эса 30 ёшида «Иродали инсон» фильмидаги ижроси сабаб эришган.

Мартин Фримен

Фото: AdMe

Мухлисларга «Шерлок» сериалидаги доктор Ватсон, шунингдек, «Узуклар ҳукмдори»даги Билбо Беггинс роллари билан яхши маълум бўлган Мартинни режиссёрлар узоқ вақт давоми унча жиддий бўлмаган шоу ва лойиҳаларда иштирок этувчи актёр сифатида кўрган. Аммо Жон Вацон ролини ижро қилганидан кейин ҳаммаси ўзгарган, актёр айнан ушбу роли сабаб BAFTA мукофотини қўлга киритган.

Бенедикт Камбербитч

Фото: AdMe

12 ёшида «Ёз кечасидаги туш» фильмида суратга тушган Бенедикт узоқ вақт давомида театрда рол ижро қилишни афзал билган. «Ҳокинг» лойиҳасидаги Стивен Ҳокингни гавдалантирганидан кейин машҳурликка эришган. BAFTA ТV Awards’да энг яхши актёр сифатида эътироф этилган. 34 ёшида Шерлок Холмс сифатида суратга тушгани эса бутун дунёда танилишига сабаб бўлган.

Мадс Миккелсен

Фото: AdMe

Деярли 10 йил давомида профессионал раққос сифатида фаолият юритган Миккелсон илк марта 1996 йил 31 ёшида суратга тушган. Кейинроқ аҳамиятсиз ролларни ижро қилиб юрган актёрнинг омади «Тўйдан кейин» фильмидан сўнг чопган. Ҳақиқий машҳурликка эса 48 ёшида «Ганнибал» сериалида роль ижро қилганидан кейин эришган.

Сара Жессика Паркер

Фото: AdMe

14 ёшидан суратга тушишни бошлаганига қарамай, Сара узоқ вақт давомида иккинчи даражали ролларни ижро қилиб юрган. Керри Бредшоу роли эса киносаноатда машҳурликка эришишига сабабчи бўлган. Бу вақтда актриса 33 ёшда бўлган.

Александр Скарсгард

Фото: AdMe

7 ёшидан суратга тушишни бошлаган, аммо ўсмирлигида эътибор марказида бўлишни истамагани учун кинони тарк этган актёр 21 ёшида санъатга қайтишни афзал билган. Нью-Йоркка кўчиб келиб, театр маҳоратидан дарс олган. Илк кўзга ташланадиган иши Zoolander фильми бўлган Александрнинг ҳақиқий машҳурликка эришишига 32 ёшида, «Ҳақиқий қон» фильмида суратга тушгани сабаб бўлган.

Мелисса Маккарти

Фото: AdMe

Аввалига стендапларда чиқиш қилиб юрган Мелисса кейинроқ ўзини киносаноатда синаб кўришга қарор қилган. «Чарли фаришталари»даги эпизодик роль дебюти бўлган актриса Bridesmaids’да суратга тушганидан кейин машҳурликка эришган. Бу вақтда 41 ёшда бўлган Маккарти фаолияти давомида икки карра «Оскар»га номзод бўлишга эришган.