ИИВ ЙҲХББ ижтимоий тармоқларда «Фуқаро ва ЙПХ ходими ўртасида жанжал» сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 31 июль куни Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими Д.Қўшбоев томонидан Андижон вилояти Олтинкўл тумани «Марказ» МФЙ Чинобод кўчасида Nexia-3 русумли автомобиль ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатлангани боис тўхтатилган.

Текширув жараёнида ҳайдовчи Т.П.нинг меъёрий ҳужжатлари йўқлиги, 2020 йил декабрь ойида маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун суд томонидан икки йил муддатга автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилгани маълум бўлган.

ЙПХ ходими ўрнатилган тартибда баённома расмийлаштириб, ҳайдовчи бошқарувидаги автомобилни жарима майдонига жойлаштирган.

«Видеода ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги низоли вазият акс этган бўлиб, ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Жиззахда ниқобни тўлиқ тақишга мажбур бўлмаган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинлангани, Олмалиқда ЙПХ ходими «25 марта радарга тўлаган» қоидабузар аёлни «Абдураззоқ ака»дан бўлган қўнғироқ сабаб қўйиб юборгани, Сирдарёда ЙПХ ходимининг «встречний» юргани тасвирланган видеони тарқатган ҳайдовчи қамоққа олингани тўғрисида хабар берилганди.