Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Лондонда Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашди. Бу ҳақда Тихановскаянинг Telegram каналида хабар берилган.

Фото: Telegram

Фото: Telegram

«Борис Жонсон билан учрашув Буюк Британия ҳукумати раҳбарининг бош офисида ўтди ва тахминан, 25 дақиқа давом этди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, учрашув давомида Тихановская ҳамда Жонсон Беларусдаги фуқаролик жамияти, сиёсий маҳбуслар ва уларнинг оилаларига, талабаларга, тиббиёт ходимлари, ишчилар ва бошқа аҳоли қатламларига ёрдам бериш дастурини муҳокама қилган. Бундан ташқари Беларусь ҳукуматига қарши санкциялар борасида ҳам фикр алмашилган.

«Санкциялар, чора-тадбирлар самарадор бўлиши, Европа Иттифоқи, АҚШ ҳамда Канада билан мувофиқлаштирилиши жуда муҳим», — дейилган хабарда.

Шунингдек, Тихановская Буюк Британия бош вазирига Беларусдаги сўз эркинлигига қилинаётган ҳужумлар ва беларусларга ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида гапириб берган. Суҳбат давомида Токио—2020 Олимпиадасида иштирок этаётган енгил атлетикачи Кристина Тимановская билан боғлиқ вазият ҳамда Украинада ҳалок бўлган беларуслик жамоатчилик фаоли Виталий Шишовнинг тақдири ҳам муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, Telegram-каналдаги хабарда Тихановская ва Жонсон Буюк Британиядаги Беларусь диаспорасини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хавфсизлик кенгаши, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Беларусь билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган.

Тихановская Буюк Британия бош вазирига халқаро форумларда Беларусдаги ҳукумат жиноятларини аниқлаш ва халқни қўллаб-қувватлаш ташаббуслари учун миннатдорлик билдирган.

Аввал Тихановскаянинг АҚШ президенти Жо Байден билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Тихановская Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, котиб ўринбосари Виктория Нуланд, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳамда мамлакатда истиқомат қилаётган Беларусь диаспораси вакиллари билан ҳам учрашган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар