Дзюдо бўйича -90 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Давлат Бобонов Токио—2020 Олимпиадаси бронза медали учун кечган баҳсларда иштирок этди.

Фото: «Дарё» / Getty Images

Ўтиш баҳсида Бобонов испаниялик Николос Шеразадишвилини вазари баҳоси билан мағлуб этди. Бронза учун кечган баҳсда эса туркиялик Миҳаэл Зганкни иппон баҳоси билан енгиб, бронза медалига эга чиқди.

24 ёшли Бобонов 1/16 финалда италиялик Николас Мунгайни таслим этган, 1/8 финалда украиналик Нябали Кежауни енгган бўлса, чорак финалда грузиялик Лаша Бекаурига ютқазиб қўйганди.

Шу тариқа Бобонов Ўзбекистон делегациясига иккинчи медални тақдим этди. Аввалроқ таэквондочи Улуғбек Рашидов олтин медалга эга чиққанди.

Давлат Бобонов 1997 йилнинг 7 июнида Навоий вилоятида дунёга келган. У дзюдо бўйича 2021 йилги Осиё чемпионати ғолиби ва ЖЧ—2021 кумуш медали соҳиби ҳисобланади. Давлат Будапештда ўтган Жаҳон чемпионати финалида Николос Шеразадишвига ютқазиб қўйганди.