Ўзбекистон Президенти «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фармонга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизматларини кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно).

Ушбу санадан бошлаб, Давлат хизматлари марказлари, «Лицензия» ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари белгиланган муддатидан уч иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга 1 иш кунида қайтарилади. Бунда ариза берувчига тегишли давлат хизмати бепул кўрсатилади.

2021 йил 1 декабрдан чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга оширилади.

Фармон билан лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун миллий валютада белгиланган тўловлар БҲМнинг 10 фоизигача миқдорда белгиланади (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно).

Аввалроқ Ўзбекистонда ID-карта ва «загранпаспорт»ни ДХМ орқали ҳам олиш мумкин бўлиши, машинанинг ЙТҲга учраганини текшириш имконини берувчи «Автомобиль тарихи» давлат хизмати йўлга қўйилиши тўғрисида хабар берилганди.