Афғонистон собиқ президенти Ҳамид Карзай ва Афғонистон Миллий ярашиш бўйича олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла 16 июль куни Қатар пойтахти Доҳага бориб, «Толибон» делегацияси билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Афғонистоннинг Pajhwok агентлигига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Аввалроқ Ҳамид Карзай Кобулдаги матбуот анжуманида яқин орада мамлакат ҳукумати ва «Толибон» ўртасида тинчлик музокаралари бошланиши ҳақида айтган эди. Абдулла Абдулла ҳам худди шундай баёнот билан Афғонистон ҳукумати тинчлик музокараларига тайёрлигини таъкидлаган.
Ўтган ҳафта Теҳронда Қатардан келган «Толибон» делегацияси, Кобулдаги ҳукуматга яқин афғон сиёсатчилари гуруҳи ва Эрон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Афғонистон расмийлари ва «Толибон» 2020 йилнинг 12 сентябридан бери Қатар пойтахтида Афғонистонда тинчликни тиклаш бўйича мулоқот олиб бораётган эди. Бироқ 2012 йил бошидан бери музокаралар тўхтаб қолди ва апрель ойининг ўрталарига келиб улар боши берк кўчага кириб қолди.
Афғонистон ҳукумати кучлари ва «Толибон» ўртасидаги тўқнашувлар АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагач кучайди.
Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди.
Аввалроқ «Толибон» барча чет эл қўшинлари Афғонистонни ўз муддатида тарк этишини талаб қилгани ҳақида хабар берилганди. АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш амалиёти август охирига қадар тугашини маълум қилди.
Бугунга қадар Германия, Италия ва Австралия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.
Изоҳ (0)