Ҳиндистонда мефедрон ишлаб чиқариш учун ўз нарколабораториясини ташкил этган икки ўқитувчи қамоққа олинди. Бу ҳақда NDTV хабар бермоқда.

Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бюроси маълумотига кўра, Муклава шаҳридаги давлат юқори синф мактабининг табиий фанлар ўқитувчиси, 25 ёшли Манож Бхаргав ва собиқ физика ўқитувчиси Индражит Вишной қамоққа олинган. Улар турар жой мажмуасидаги ижарага олинган хонадонда наркотик моддалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, икки ярим ой давомида фаолият юритишган.
Гумонланувчилар Деҳлидан кимёвий моддалар ва ускуналар харид қилишган, сўнгра мефедрон тайёрлаш учун таътил олишган. Шу вақт ичида улар умумий бозор қиймати 136 минг долларга тенг бўлган тахминан 5 кг модда ишлаб чиқаришга эришган. Шундан 4,22 килограмми аллақачон сотилган.
Тинтув пайтида ходимлар 780 грамм гиёҳвандлик моддаси, замонавий лаборатория ускуналари ва бир қатор кимёвий прекурсорларни мусодара қилишган.
Таъкидланишича, ушбу операция минтақадаги гиёҳвандлик синдикатига берилган энг катта зарбалардан бири бўлди. Ҳозирда сотиш каналлари ва эҳтимолий ҳамкорларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)