Zumwalt синфига мансуб USS Michael Monsoor (DDG 1001) ракета эсминецининг янги суратлари ижтимоий тармоқларда мунозараларни қўзғади. Боиси унинг корпусида коррозия ва шикастланиш излари кўзга ташланган бўлиб, бу радарларда кўринмаслиги айтилган замонавий кеманинг реал имкониятлари ҳақида саволларни пайдо қилди.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ўзининг энг илғор дея мақталган ва ҳар бири 9 миллиард доллардан тушган эсминеци ҳақидаги танқидларга жавоб беришга мажбур бўлди. Тасвирлар кема Ёкосука бандаргоҳига кирган вақти японияликлар томонидан олинган.
Баъзи фойдаланувчилар DDG 1001 ҳақида кинояли изоҳ ёзиб, у илғор ҳарбий кемадан кўра эски ёдгорликка ўхшаб қолганини таъкидлаган. Бошқалар эса корпусдаги шикастланишлар ва коррозия эсминецнинг радарларда кўринмаслик, яъни “стелс” хусусиятига путур етказиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
“Бу кема билан жангга кириш учун кишига жасорат керак бўлади”, деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарган суратлар юзасидан муносабат билдириб, хавотирларни аритишга уринди. Расмийларнинг тушунтиришича, кема корпусида кузатилган ранг ўзгариши ва коррозия узоқ муддатли денгиз амалиётларининг натижасидир. Улар бунга шўр сув, ултрабинафша нурлари, денгизни ифлослантирувчи моддаларининг таъсири ва кемани қирғоққа боғлаш учун ишлатилган металл тросс кабиларни сабаб сифатида келтиришди.
“Бундай турдаги сиртқи емирилиш ҳолатлари денгизнинг мураккаб шароитларида доимий ҳаракатланадиган йирик кемалар учун одатий ҳолдир”, деди АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари вакили.
USS Michael Monsoor Zumwalt синфига оид учта эсминецнинг иккинчисидир. Дастурга биноан жами 32 та кема қурилиши керак эди. Бироқ уларнинг ҳар бири 9 миллиард доллардан тушиши маълум бўлгач, лойиҳа ёпилди. Боиси бу 1,3 миллиард долларлик дастлабки ҳисоб-китоблардан анча кўп.

Аввалига кема асосан қуруқликдаги қўшинлар, хусусан денгиз пиёдаларининг қирғоқ амалиётларида артиллерия кўмаги бериш учун мўлжалланган эди. Бу учун эсминецга бир жуфт 155 мм калибрли Advanced Gun System (AGS) тўплари ўрнатилди. Бироқ ушбу қурол учун махсус ишлаб чиқарилиши керак бўлган снарядлар нархи қарийб 1 миллион долларга яқинлашиб қолгач, режалар ўзгарди.
Шундан сўнг кемага янги вазифа юклатилиб, AGS тўплари ўрнига гипертовушли ракеталар ўрнатилди. Эсминецни қуришда ишлатилган “tumblehome” корпуси шарофати билан у мазкур вазифани душман радарларига кўринмай бажара олиши айтилади.

Бироқ танқидчиларнинг фикрича, Ёкосука бандаргоҳида олинган суратлар “кутилма ва натижа”нинг рамзидир. Тарафдорлар эса кема корпуси унинг ички самарадорлиги ва стратегик аҳамиятига таъсир ўтказа олмайди, деб ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)