Тахминан 1500 минг нафар Афғонистон ҳарбийлари «Толибон» вакиллари билан ҳарбий тўқнашувлардан кейин охирги икки ҳафта ичида Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган. Бу ҳақда Тожикистоннинг Жамоавий хавфсизликни таъминлаш ташкилотидаги вакили Ҳасан Султонов маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Фото: Tolonews

Султоновнинг сўзларига кўра, ташкилотнинг доимий кенгаш йиғилишида Афғонистон ҳукуматининг ҳарбий қўшинлари «Толибон» билан тўқнашувлардан кейин чегара ҳудудларидан мамлакатга кириб келганини қайд этган.

Шунингдек, Тожикистоннинг ташкилотдаги вакили 5 июль куни «Толибон»нинг Афғонистонда Тожикистон билан 910 километр масофага чўзилган чегара ҳудудлари яқинида Бадахшон вилоятидаги Хохон, Нусай, Моҳимай, Шугнон ва Султон Ишҳошим қишлоқларини эгаллагани ҳақида гапирган.

Жамоавий хавфсизликни таъминлаш ташкилоти таркибига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ҳамда 2021 йилда ташкилотга раҳбарликни қабул қилиб олган Тожикистон давлатлари киради. Ташкилот тезкор муносабат билдириш учун жамоавий ҳарбий кучларга эга.

6 июлда Тожикистонга Россия мудофаа вазирлигининг самолётида ташкилот бирлашган штаби бошлиғи Анатолий Сидоров Афғонистон билан чегарадаги вазиятга тезкор баҳо бериш гуруҳи билан биргаликда етиб келган.

«Тезкор гуруҳнинг асосий мақсади тожик-афғон чегарасидаги вазиятни мониторинг қилиш ва ташкилот форматида қўшма чора-тадбирлар бўйича таклифлар беришдан иборат», – дея Сидоровнинг сўзларини келтирган Жамоавий хавфсизликни таъминлаш ташкилоти матбуот хизмати.

Афғонистондаги вазият

Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак.

Бугунга қадар Германия ва Италия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлаган. АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари 2021 йил 11 сентябрга қадар Афғонистон ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши лозим. Қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши оқибатида мамлакат ҳудудида «Толибон» ҳаракати вакилларининг фаоллашуви кузатилмоқда. Май ойидан бери «Толибон» ҳужум операцияларини амалга ошириб, ҳукумат қўшинларига кескин зарбалар бермоқда.

Маълумотларга кўра, айни вақтда «Толибон» мамлакатнинг 370 та ҳудудидан 110 тасини ўз назоратига олган. Афғонистон ҳукумати қўшинларининг ҳарбийлар гуруҳи «Толибон» билан кескин тўқнашувлардан кейин Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтмоқда. 5 июль куни Эмомали Раҳмон тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун армия резервидаги 20 минг нафар ҳарбий хизматчини сафарбар этган.

Аввал Россия Афғонистондаги вазият туфайли Тожикистондаги ҳарбий базасидан фойдаланишга тайёрлиги, Туркманистон Афғонистон билан чегара ҳудудидаги ҳарбий сафарбарликни кучайтириши, Путин афғон-тожик чегарасидаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Тожикистонга ёрдам беришни ваъда қилгани ҳақида хабарлар берилган.