Британиянинг Autonomy компанияси ва Исландиянинг Экологик барқарорлик ва демократияни қўллаб-қувватлаш ассоцацияси Исландияда иш ҳафтасини қисқартириш бўйича 2015—2019 йилларда ўтказилган тажриба тўғрисида 82 саҳифадан иборат ҳисобот эълон қилди, деб ёзади Meduza.
Тажриба касаба уюшмалари ва нотижорат ташкилотларининг таклифларига жавобан Рейкявик шаҳар кенгаши ва Исландия ҳукумати томонидан бошланган. Тажриба доирасида иш ҳақи камайтирилмасдан иш ҳафтаси 40 соатдан 35—36 соатгача қисқартирилган. Ушбу иш тартиби турли хил ташкилотларда, жумладан, касалхоналарда ва мактабгача таълим муассасаларида жорий қилинган. Тадқиқотда «тўққиздан бешгача» ишлайдиган ходимлар, шунингдек, кўпроқ ностандарт сменада ишловчилар иштирок этган.
Ҳисоботда қайд этилишича, тадқиқотлар кўлами ва турли хил иш жойлари қисқартирилган иш ҳафтасининг самарали эканини исботлади. Иш вақтининг қисқариши ҳам ишчиларга, ҳам уларнинг ташкилотларига ижобий таъсир кўрсатди. Ходимларнинг маҳсулдорлиги бир хил даражада ушлаб турилган ёки ошган. Яъни, одамларнинг фаровонлиги бир неча кўрсаткичлар бўйича яхшиланди: стресс даражаси ва чарчоқдан тортиб соғлиқ, иш ва ҳаёт мувозанатигача.
Тажриба давомида ҳаммаси бўлиб, иккита тадқиқот ўтказилган. Биринчиси 2015 йилдан бошланган бўлиб, унда дастлаб иккита ташкилот ва бир неча ўнлаб ходимлар иштирок этди, тадқиқот сўнгига келиб эса иштирокчилар сони 2500 кишини ташкил этган. Иккинчи тадқиқот 2017 йилдан бошланиб, 440 киши орасида ўтказилган. Умуман олганда, тажрибада Исландиянинг бутун меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 1 фоиздан кўпроғи қатнашган.
Муваффақиятли синовлардан сўнг Исландия касаба уюшмалари мамлакат бўйлаб ўн минглаб одамлар учун иш ҳафталарини қисқартирди. Ҳозирда Исландияда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 86 фоизи қисқароқ иш ҳафтасига ўтган ёки иш вақтини қисқартириш ҳуқуқини олган.
«Ушбу тадқиқот шуни кўрсатадики, давлат бюджет ташкилотларида иш ҳафталарини қисқартириш бўйича дунёдаги энг катта тажриба барча жиҳатлар бўйича жуда муваффақиятли ўтди. Натижалардан маълумки, давлат сектори иш ҳафталарини қисқартириш бўйича пешқадамликка тайёр, бошқа мамлакат ҳукуматлари ҳам ушбу тажрибадан наф кўриши мумкин», — деди Autonomy тадқиқотлари раҳбари Уил Стронге.