Россиялик режиссёр Владимир Меньшов 82 ёшида коронавирус асоратлари оқибатида вафот этди, деб хабар беради «Мосфильм» матбуот хизмати.

Фото: DW

Театр, кино ва телевидение актёри, кинорежиссёр, сценарист, продюсер ва телебошловчи россиялик Владимир Валентинович Меньшов 1939 йилнинг 17 сентябрь куни Бакуда туғилган. Меньшов Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Россия халқ артисти, «Москва кўз ёшларга ишонмайди» фильми учун «Оскар» мукофотининг «Хорижий тилдаги энг яхши фильм» номинациясида лауреат бўлган.

Таъкидлаш керакки, Меньшов ўзбекистонлик режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Абдуллажон ёки Стивен Спилбергга бағишланади» фильмида ҳам суратга тушган.

Аввалроқ «Одам-амфибия» фильмидаги роли билан машҳурликка эришган Владимир Коренев коронавирусдан вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.