Қозоғистонда Ан-2 русумли самолёт ҳалокатга учради, деб ёзади Tengrinews Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан, тахминан, соат 07:00 да (Тошкент вақти билан бир хил) Қизилўрда вилоятининг Қоровултепа қишлоғидан 12 километр масофада юз берган. Самолёт шоли далаларига ишлов бераётган эди.
«Самолёт учиб чиққанидан кейин бир неча километр масофани босиб ўтиб, техник носозликлар туфайли мажбурий қўниш чоғида тўғри далага қулаб тушди», — дейилади ФВВ хабарида.
Самолёт бортида 1954 ва 1967 йилларда туғилган икки учувчи бўлган. Уларнинг иккаласи ҳам касалхонага ётқизилган. Дастлабки маълумотга кўра, уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аэропорти яқинида Ан-26 самолёти қулаб тушган, самолётда олти киши бўлиб, улардан тўрт нафари вафот этган эди.
Изоҳ (0)