Россия армияси 18 августга ўтар кечаси Украинанинг Харьков шаҳрига дронлар билан ҳужум қилди. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди, 18 киши жароҳат олди.

Тунда Shahed дронлари кўп қаватли турар жой биносига зарба берган. Қурбонлар орасида 2 ёшли бола ҳам борлиги айтилмоқда. Дастлаб соат 05:46 да жароҳатланганлар сони 15 кишини ташкил этганди, бироқ қидирув-қутқарув ишлари давомида уларнинг сони ортган.
Ҳужум жойида тиббиёт ходимлари ва тегишли хизматлар иш олиб бормоқда. Қурбонлар ва жароҳатланганлар сони ортиши мумкин.
Ҳозирча уч киши ҳалок бўлган, улардан бири ёш бола. Яна 17 киши жабрланган, улар орасида олти нафар бола бор, деди Харьков мери Игор Терехов.
Россия дронлари 18 августга ўтар кечаси Сумига ҳам ҳужум қилди. Шаҳарда камида тўртта портлаш овози қайд этилди. Кейинчалик фуқаролик инфратузилмасига зарба берилгани ва объектда ёнғин чиққани маълум бўлди. Дастлабки хабарларга кўра, бу ҳужум оқибатида қурбонлар қайд этилмаган.
Маълумот ўрнида, Украина президенти 18 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп билан музокара олиб боради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 22:15 да бошланади. Украина президенти музокаралар учун аллақачон Вашингтонга етиб келган.
Трамп ҳамкасби билан Украина назоратидаги ҳудудларни муҳокама қилиши кутилмоқда. Россия Украинанинг 5 та вилояти бўйича ён беришга рози бўлган. Россия Европа давлатларига ҳужум қилмаслик мажбуриятини қонуний белгилашни кўриб чиқиши мумкин. АҚШ президенти урушни тугатиш учун Зеленскийни Қрим ва НАТОдан воз кечишга чақирмоқда.
Изоҳ (0)