Канаданинг Британия Колумбиясида чақмоқ уриши туфайли содир бўлган 136 га яқин ўрмон ёнғинлари қайд этилди. Бу ҳақда провинциянинг ўрмон ёнғинларини ўчириш хизмати маълумотларига таяниб, BBC News хабар берди.
Канадада бир неча кун давом этган рекорд даражадаги иссиқликдан сўнг 12 мингга яқин чақмоқ уриш ҳолати кузатилган. Канада Федерал ҳукумати Британия Колумбиясининг фавқулодда хизматларига ёнғинларга қарши курашишда ёрдам бериш учун ҳарбий самолётлар юборишни ваъда қилган.
Ушбу ҳафта бошида провинциянинг Литтон шаҳарчасида яшовчи одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Шаҳарчада 29 июнь куни Канада тарихидаги энг юқори ҳаво ҳарорати — цельсий бўйича 49,6 даража қайд этилди, кейинчалик ҳудуд ёнғинлардан вайрон бўлди. Ёнғинлар бир қатор магистрал йўлларни иккала йўналишда ҳам тўсиб қўйди.
Жамоат хавфсизлиги вазири Билл Блернинг айтишича, об-ҳаво ва ёнғинлар Британия Колумбиясига «ҳалокатли» ва «мисли кўрилмаган» таъсир кўрсатмоқда. Британия Колумбиясининг ўрмон ёнғинларини ўчириш хизмати ҳафта охирида кутилаётган янги ўрмон ёнғинларига тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Канадада юқори ҳаво ҳарорати 85 йиллик рекордни янгилагани, аномал иссиқ ҳаво оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани, кейинчалик иссиқ ҳаво қурбонларининг сони 500 кишидан ошгани ҳақида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)