Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида қалбаки хорижий валютани муомалага киритаётган шахслар ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, департаментнинг Нурафшон шаҳар бўлими томонидан қалбаки валюта қимматликларининг муомалага киритилишининг олдини олиш мақсадида ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.С. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, бошқа бир фуқарога қалбаки 1 100 АҚШ долларини 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан аввал Учтепада қалбаки 6350 долларни муомалага киритмоқчи бўлган шахс аниқлангани, Фарғонада 99 дона 100 минг сўмлик қалбаки купюрани сотган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Фарғонада қалбаки 25 минг долларни муомалага киритмоқчи бўлган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)