Москвада 22 июнь куни ҳаво ҳарорати 33,7 даражага етди. Бу метеорологик кузатувлар тарихидаги рекорд, дея хабар берди Москва метеорология идораси бош мутахассиси Татяна Позднякова «РБК»га.

Фото: «ТАСС»

«Бугун кундузи 33,7 даража ҳарорат қайд этилди. Бундан аввал 1917 йилда Москвада 31,8 даражали рекорд қайд этилган эди», — дея аниқлик киритди мутахассис.

«Fobos» об-ҳаво марказининг етакчи мутахассиси Евгений Тишковецнинг маълум қилишича, Москва марказидаги Балчуг оролида 34,8 даража қайд этилган. Синоптикнинг таъкидлашича, шаҳарда жазирама якшанба кунигача давом этади ва яқин кунларда  ҳарорат бўйича янги рекордлар қайд этилиши кутилмоқда.

22 июнь куни Тишковец Москва иқлим ва ахборот метеорологик станциясида тушгача термометр устуни 31,9 даражага кўтарилганини айтди. Позднякова соат 13:00 да 32,3 даража ҳарорат ҳақида хабар қилди, шу билан бирга иссиқлик кейинги соатларда кучайишидан огоҳлантирди.

22 июнь учун бу 1879 йилдан буён олиб бориладиган метеорологик кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳароратдир. Сўнгги марта бундай рекорд 1917 йилда қайд этилган — ўшанда термометр устуни 31,8 даражага кўтарилган.

Шунингдек, Санкт-Петербург кетма-кет тўртинчи кун об-ҳаво бўйича рекордни янгиламоқда. Бу ҳақда ҳудуд бош синоптиги Александр Колесов «Интерфаксга» маълум қилди.

«Санкт-Петербургда кетма-кет тўртинчи кун рекорд. Ҳаво ҳарорати аллақачон плюс 33,3 даражага етди, бунга қадар 1917 йилнинг шу кунида ҳарорат максимал 32,5 даражадан ошган», — дея у шаҳарда ҳарорат кўтарилишда давом этаётганини таъкидлади.

Аномал иссиқлик Петербургга 19 июнь куни кириб келди. Ўша куни термометрлар плюс 30,7 даражага етиб, 1905 йилги рекордни янгилади. 20 июнь куни шимолий пойтахтда ҳарорат плюс 31,8 даражани ташкил этди, бу 2006 йилдаги энг юқори кўрсаткичдан ҳам баланд. 2006 йилги рекорд 21 июнь куни ҳам янгиланди. Синоптикларнинг фикрига кўра, шаҳарда юқори ҳарорат ҳафта охиригача давом этади.

Гидрометеорология марказининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Россияда аномал иссиқлик маркази иккита ҳудуд — мамлакатнинг Европа қисмида ва Узоқ Шарқда шаклланган. Улар орасида Ғарбий Сибирда ҳаво, аксинча, совуқ. Мамлакатнинг Европа ҳудудида ҳаво ҳарорати нормал кўрсаткичлардан 10 даража, Узоқ Шарқда эса 12 даража юқори. Красноярск ўлкасида, аксинча, бу одатдагидан 4-7 даражагача паст.

Аномал иссиқлик келиб чиқишига учта омил сабаб бўлган: антициклон, ёз фаслида куннинг максимал давомийлиги ва очиқ ҳаво. Синоптикларнинг фикрига кўра, ушбу об-ҳаво ҳафта охиригача сақланиб қолади.