«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
16:46, 21.06.2021 27982

Россиялик хонанда МакСим коронавирус сабаб комага тушди

МакСим тахаллуси билан маълум бўлган рус эстрадасининг 38 яшар юлдузи Марина 2021 йил 16 июнь куни Instagram саҳифасида COVID-19 билан касаллангани ҳақида маълумот берган. Кейинроқ аҳволи ёмонлашгани туфайли хонандага сунъий нафас олиш аппарати улангани ҳақида хабар берилган.

Фото: Woman’s Day.ru

Марина Максимова Instagram’га жойлаган сўнгги суратининг тагида унда шамоллаш аломатлари пайдо бўлгани, аммо шунга қарамай, коронавирус инфекциясига топширган тестининг натижаси уч марта ҳам салбий чиққанини ёзиб қолдирган.

Ўзининг концерти давомида ҳолсизланиб, иситмалашни бошлаган қўшиқчининг аҳволи ёмонлашаверган. Шундан кейин шифохонага ётқизилган Маринанинг текширув давомида ўпкаларида 40 фоиз зарарланиш борлиги аниқланган. Шундан кейин алоқага чиқмаган хонанданинг аҳволи қандай эканини «СтарХит» сайти ходимлари билишга муваффақ бўлган.

«Ўпкада зарарланиш кўпайгани сабаб беморда нафас олиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган. Аввалига шифокорлар ноинвазив нафас вентиляцияни синаб кўрган, аммо бу ёрдам бермаган. Ички аъзоларнинг зўриқишини камайтириш ва кислород етишмаслигидан сақлаш учун Маринани сунъий кома ҳолати, яъни медикаментозлар билан ухлатишга қарор қилинган», — дейди шифохонадаги манбалардан бири.

Инсайдерлардан ташқари, хонанданинг пиар-директори Яна Богушевская ҳам Маринанинг аҳволи ҳақида изоҳ берган.

«МакСим, дарҳақиқат, ўпкаларни сунъий вентиляция қилиш аппаратига уланган, аммо хавотирга ҳожат йўқ, вазият тажрибали шифокорлар назорати остида. Тунов куни у билан телефонда гаплашганимизда у ҳаммаси яхши бўлиб кетишини айтган», — деган Яна. Хонанданинг чиқиши июнь ойида бўлиши керак эди, аммо касаллик сабаб айрим концертларни қолдириш, баъзиларини эса кейинга суришга қарор қилинган.