14 июнь куни ижтимоий тармоқларда раққосалар билан видеоси тарқалган Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари Нурали Мирзаев ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов ўз аризаларига биноан ишдан кетгани тўғрисида хабар берилганди. Лавозимга тайинланганига 1 ой муддатдан сал ошган Сирдарё тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Нурали Мирзаев «Human.uz»га берган интервьюсида видео провокация бўлганини таъкидлаган, деб ёзади «Gazeta.uz».

Фото: Сирдарё тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

«Аслида, бу видеода акс этган ҳолат 2020 йил октябрь ойларида бўлган. Ўша видеодаги рестораннинг очилиш маросимига таклиф қилинган эдик. Биз эл қатори, ҳеч қандай тартибни бузмаган ҳолда ичкиликларсиз кечки овқатга йиғилган эдик. Масалан, тўйга бориб ўтирганда раққоса келиб эркак кишининг ёнида ўйнайди, четдан қараганда эркакнинг аёли қараб турган бўлади, шунда ‘раққоса тезроқ кетсин’ деб пул қистиради. Биз ҳам ноқулай вазият бўлишининг олдини олган ҳолда у ёнимизга яқинлашишининг олдини олиб, тезроқ чиқиб кетиши учун пулни қистиргандик. Атайин чўзиб, ўзимизга яқинлаштириш учун ножўя ҳаракатлар бўлмаган. Омманинг олдида худди биз ўйинчилар билан кўнгилхушлик қилгандек бўлдик, лекин аслида ундай бўлмаган», — дейди у.

Мирзаевнинг таъкидлашича, видеода ўзига нисбатан провокация бўлган.

«Видеода, тўғриси, менга нисбатан провокация бўлган. Бу, аввало, ишдан кейин бўлган ҳолат. Бу видео қасддан уюштирилган дейишимиз мумкин. Бу кўпроқ менга қаратилган, деб айтишим мумкин. Чунки пул қистирган ҳолатим 1 ёки 2 марта бўлган бўлиши мумкин, лекин 4-5 марта қайта-қайтадан кўрсатиб, охирида қандайдир шеърлар билан кўрсатилган. Лекин оддий мисол, вилоят марказларида деймизми, Тошкент шаҳрида ҳам худди шундай жойлар бор. Иш фаолиятимга 1 ойдан ошган бўлса, хоҳлаган одам келиб иш фаолиятимни текшириб кўрса, туман миқёсида сўровнома ўтказган тақдирда ҳам, туманимиз халқининг ўзи баҳо берсин. Мен оилам, жамоам, раҳбарият олдида ўзимни оқламоқчиман», — дейди ҳокимнинг собиқ ўринбосари.

Ҳокимнинг собиқ ўринбосари раққосаларни ҳайдаб юбормаганига ҳам изоҳ берган.

«Раққосалар кириб келганда уриб, ҳайдаб бўлмайди. Биз улар учун жавобгар бўла олмаймиз. Тартибда қандай бўлса, худди шундай чиқариб юбориш чораси кўрилади. Уларга қўпол муомалада бўлиб чиқариб юборилса, балки бу бошқача оқибатга олиб келиши мумкин. Оддий фуқароларда бунақа ҳолатлар кўп бўлади. Лекин биз ҳокимият ходими, бошқарув органи бўлганимиз учун оммага бўрттириб кўрсатилган деб ҳисоблайман. Емаган сомсага пул тўлагандек бўлдим», — дейди Нурали Мирзаев.

У ўзининг иш фаолиятига ҳам тўхталиб ўтган:

«Туман ҳокимимиз фидойи инсонлар, фидойиларни яхши кўрадилар. Шу киши қачонки эрталаб тонгда чиқса, шу киши билан бирга чиқамиз, тунда нечада қайтишларига қарамай, шу кишидан кейин қайтамиз. Бу ҳақиқий фидойилик ҳисобланади деб ўйлайман. Чунки биз фақат қурилиш соҳаси билан тўхтаб қолмаймиз. Ижтимоий соҳага ҳам киришиб кетамиз, иқтисодий соҳага ҳам, соҳани танламасдан, бир-биримизга ёрдам берамиз. Чунки бизни раҳбаримиз шундай тарбия қиляптилар. ‘Сеники ёки меники дегани бўлмасин. Жипс бўлсаларинг, ишларинг юришади’, деб таъкидлайдилар. Бу меҳнат қонунчилиги бўйича бизга тазйиқ ўтказиляпти дегани эмас. Биз ўз хоҳишимиз билан тун-у кун, шанба, якшанба демасдан, ҳар доим ишдамиз».