Ўзбекистонда 2021 йилда 52 мингдан ортиқ экилган дарахтлар қуриб қолган. Бу ҳақда Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати Жаҳонгир Зиёев маълум қилди.
«Орол денгизининг қуриган шўр ерида дарахтлар кўкараётган бир пайтда Тошкентда дарахтларни сақлаб қолиш қийин бўляпти, дейиш чўпчакдан бошқа нарса эмас.
Хўш, жой танлашда хатоликка йўл қўйилган ҳам дейлик. Лекин 52 мингта дарахтнинг уволи, унга кетган харажат, меҳнат учун ким жавоб беради?
Хўш, энди нима қилиш керак? Ҳар йили шу чўпчакка ишониб ўтираверамизми?» — дея савол қўйган «Миллий тикланиш» партияси вакили.
Жаҳонгир Зиёев бунинг ечими сифатида дарахтни кесганларга жарима солингани каби, дарахт экиб, парвариш қилмаганларни ҳам жаримага тортишни илгари сурди.«Давлатнинг пулига ‘биз шунча минг дарахт экдик’ деб ҳисобот берадиган ҳокимият, ободонлаштириш бошқармалари, ташкилотлар эккан ниҳоли кўкармаса, чўнтагидан жарима тўласин. Шундагина ‘жойни нотўғри танлаб қўйибмиз, суғориш тизимига уланмаган экан’, деган баҳоналар бўлмайди. Жарима тўласа, жой ҳам тўғри танланади, сув ҳам келади», — дея таъкидлайди у.
«Миллий тикланиш» партияси аъзоси фуқароларни ҳам бунга эътиборсиз бўлмасликка чақирди.
«Одамлар ҳам ён-атрофи, маҳалласида экилган ниҳолларга эътиборли бўлиб, парваришлаб турса ҳам қанчадан-қанча дарахтларни сақлаб қолган бўламиз. Яъни, бу ‘давлатники-ку, менга нима’ деган қарашдан воз кечиш лозим. Керак бўлса, дарахтпарвар инсонларни рағбатлантириш керак», — деб қўшимча қилган депутат.
Бундан аввал Ўзбекистонда тўрт ой давомида 2000 дан зиёд ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари аниқлангани, Сергели—Қўйлиқ ерусти метроси қурилишида уч туманда жами 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилиши ҳамда Сурхондарё ҳокимлиги Бутунжаҳон биохилма-хилликни асраш куни арчалар оммавий кесилганига муносабат билдиргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)