Жорий йилнинг июль ойида Украинада Россия ҳарбийларининг ҳаракатлари оқибатида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони уч йиллик энг юқори даражага кўтарилди. Бу ҳақда БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси (ИҲММ) маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, июль ойида Украинада 286 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна 1388 нафари жароҳат олган. Бу 2022 йил май ойидан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, 2025 йил июнь ойидаги статистикадан ҳам ошиб кетган. ИҲММ Украинанинг 24 вилоятидан 18 тасида тинч аҳоли орасида қурбонлар борлигини тасдиқлаган.
“Кетма-кет иккинчи ой Украинада тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони уч йиллик рекордни янгиламоқда. Россия Федерациясининг кенг кўламли босқини бошланганидан кейинги дастлабки уч ойда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланган одамлар сони сўнгги бир ойдагидан кўпроқ эди”, деди миссия раиси Даниэль Белл.
Таъкидланишича, июль ойида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 2025 йилдаги ўсиш тенденциясини давом эттирган. 2025 йилнинг январь июль ойларида қурбонлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 48 фоизга ошган.
“Хавф ўтган йилга нисбатан анча юқори ва ўсишда давом этмоқда”, дея қўшимча қилди ИҲММ раиси.
Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Миссия камида 13 883 нафар тинч аҳолининг, шу жумладан 726 нафар боланинг ҳалок бўлгани ва 35 548 нафар одамнинг, улардан 2 234 нафари бола бўлган жароҳатлангани расмийлаштирган.
Изоҳ (0)