Қуддус ва Маале Адумим шаҳарлари орасидаги E1 деб номланган лойиҳа халқаро миқёсда кескин қаршилик туфайли ўн йиллардан буён музлатиб қўйилган эди. Бу ерда қурилиш олиб бориш Ғарбий Соҳилни босиб олинган Шарқий Қуддусдан де-факто ажратиб қўяди. Бу эса Фаластин давлатининг ҳудудий яхлитлигига жиддий тўсқинлик қилади. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Исроил молия вазири Бэтсалел Смотрич сўзларига кўра, бу режа Фаластин давлати ғоясини барбод қилади. Смотрич лойиҳа амалга ошса, тан олинадиган давлат қолмаслигига ишонади.

Турар жойлар халқаро ҳуқуқ бўйича ноқонуний ҳисобланади. Бироқ Исроил уй-жой қурилиши бўйича халқаро норозилик тўлқинига эътибор бермайди ва уларнинг келтирган важларини инкор этади. Бу Исроил ва Фаластин ўртасидаги энг баҳсли масалалардан биридир.
Peace Now номли Исроилнинг турар жойларига қарши ташкилотига кўра, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда қарийб 700 минг исроиллик тахминан 160 посёлкада яшайди. Бу ер Фаластинликлар келажакдаги мустақил давлат учун даъво қилаётган ҳудуддир.
“Ўн йиллаб давом этган халқаро босим ва музлатишлардан сўнг биз конвенцияларни бузмоқдамиз ва Маале Адумимни Қуддус билан боғлаяпмиз. Бу сионизмнинг энг яхши намунасидир — қуриш, жойлашиш ва Исроил ерида суверенитетимизни мустаҳкамлаш,” деган молия вазири.
Вазирнинг бундай бемаъни ва кулгили баёноти Фаластин давлатининг халқаро миқёсда тан олиниши борасидаги фикрлар кучайгани фонида янгради. Чунки Исроил Фаластинни тан олиш борасидаги ҳаракатларни қоралаб келмоқда.
BBC мухбири Смотричнинг бу режалар Буюк Британия ва Франция каби Фаластин давлатини тан олишни режалаштираётган давлатларга қандай хабар беришини сўраганда, у: “Бу содир бўлмайди. Тан олинадиган давлат бўлмайди,” деб жавоб берган.
Peace Now ташкилотининг баёнотига кўра, ҲАМАС озодлик ҳаракатини мағлуб этишнинг ягона йўли Исроил билан ёнма-ён Фаластин давлатини тузишдир.
“Нетаньяху ҳукумати ҳар дақиқадан фойдаланиб, Ғарбий Соҳилни қўшиб олишни чуқурлаштирмоқда ва икки давлат ечими имкониятини йўқ қилмоқда. Ҳамма яхши тушунадики, можарога ягона ечим ва ҲАМАСни мағлуб этишнинг ягона йўли — Исроил билан ёнма-ён Фаластин давлатини тузишдир. Исроил ҳукумати қон тўкилишини тўхтатиш ўрнига уни давом эттиришни танламоқда.”
Фаластин ташқи ишлар вазирлиги янги посёлка режасини “геноцид, мажбурий кўчириш ва қўшиб олиш жиноятларининг давоми” деб атаган.
Исроил узоқ вақтдан бери бундай айбловларни рад этиб келади. Бироқ исроиллик инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи ташкилотлар мамлакатнинг Ғазодаги ҳаракатларини фаластинликлар устидан геноцид эканини таъкидлайди.
Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир июнь ойида Буюк Британия томонидан Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликка мунтазам даъват қилганлари учун санкцияга учраган.
Маълумот учун, E1 ҳудудида 3 401 та уй қуриш 20 йилдан бери музлатиб қўйилган. Бу ҳудудни ривожлантириш стратегик жойлашуви сабабли Фаластин давлатини тузиш имкониятини амалда тўсиб қўйиш деб қаралади. E1 лойиҳаси Қуддус жанубидаги ҳудудларни шимолидагилардан ажратади. Исроил бу лойиҳани амалга оширса, Рамалло, Шарқий Қуддус ва Байтлаҳм каби Фаластин шаҳарларини бирлаштириш имконсиз бўлиб қолади.
2023 йил 7-октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг, Исроил Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга босимни кескин кучайтирди, буни қонуний хавфсизлик чораси сифатида изоҳлади.
Халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми турар жойларни халқаро ҳуқуқ бўйича ноқонуний деб ҳисоблайди. Бу позицияни 2024 йили Халқаро суднинг маслаҳат хулосаси ҳам тасдиқлаган.
Изоҳ (0)